Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Маданият 30/08/2016 Марғилонда «Атлас байрами» бўлиб ўтади
Марғилонда «Атлас байрами» бўлиб ўтади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Шу йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Марғилонда иккинчи «Атлас байрами» фестивали бўлиб ўтади. ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонасида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.

Тадбир ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Бадиий академия, «Ўзбектуризм» миллий компанияси, «Ҳунарманд» уюшмаси, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, «DVV International» филиали ва Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси томонидан ташкил этилмоқда.

«Атлас байрами» фестивали миллий ҳунармандликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, туризмни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қилаётир.

Жорий йилда фестиваль дастури сезиларли равишда кенгайтирилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан иштирок этадиган ҳунармандлар ўз маҳоратини намойиш этади. Ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида анъанавий каштадўзлик, табиий бўяш, либослар дизайни бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилади. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

Шунингдек, «Ўзбекистон тўқимачилиги ва барқарор ривожланиш» мавзусида давра суҳбати, «Марғилон осмони остида» ва «Жаҳон тўқимачилиги: Ғарб ва Шарқ» кўргазмалари ташкил этилади. Фестиваль доирасида «Ҳунармандлар шаҳарчаси» деб номланган амалий санъат буюмлари ярмаркаси, Ўзбекистон модельерлари шоу-дефилеси, концертлар, кураш мусобақаси, дорбозлар томошаси, «Девзира» ош танлови ҳам ўтказилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг