Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 13/09/2016 Мақсадимиз юрт келажаги ва истиқболини мустаҳкамлашдир
Мақсадимиз юрт келажаги ва истиқболини мустаҳкамлашдир
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Барчамизга сир эмаски, юртимиз мустақиллигининг 25 йили давомида мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, юрт тинчлигини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида мисли кўрилмаган натижаларга эришилди. Бир сўз билан айтганда, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятда ҳам ўзининг қатъий ўрнига эга бўлиб, чинакам ҳуқуқий демократик давлат ва ривожланган фуқаролик жамиятини барпо этишга эришилди. Ушбу қўлга киритилган ютуқлар, самарали ислоҳотларнинг бошида шубҳасиз мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Юртбошимиз саъй-ҳаракатларининг маҳсули сифатида мамлакатимиз аҳолисининг ҳар бир фуқароси хоҳ Ўзбекистон ҳудудида, хоҳ мамлакат ташқарисида кўксида ғурур ва ифтихор туйғуси билан ва энг асосийси, хотиржамлик ҳамда шукроналик руҳи билан яшаётганлигида кўришимиз мумкин.

Минг афсуслар бўлсинки, Ватанимиз мустақиллиги ва равнақининг асосчиси, халқимиз тинчлигининг кафили бўлган муҳтарам юртбошимиз бевақт ҳаётдан кўз юмдилар. Ишончимиз комилки, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти ўзнинг асрларга татигулик меҳнати фаолияти ҳамда юрт учун хизматини бутун дунё минг йиллар давомида ёдда тутади ва тарих зарварақларида ёзиб қолдирилиб, келажак авлод учун ҳам ўрнак сифатида кўрсатадиган инсон бўлиб қолади.

Мана шундай пайтларда юртбошимиз бошчилигида амалга оширилган оқилона сиёсатни давом эттириш, мамлакатимизнинг бундан кейин ҳам ўз йўлидан оғишмай, юртбошимиз айтган ёруғ келажакни қуришда дадил ташлаши, юрт тинчлигини сақлаш ва истиқболини ривожлантириши энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолади.

Жорий йил 8-сентябрда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма йиғилишида айнан мана шу масалалар йиғилиш кун тартибидан жой олди. Йиғилиш қатнашчилари томонидан мамлакатимиз биринчи президенти Ислом Каримов томонидан ва уларнинг бевосита раҳбарлигида юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга юксак баҳо берилиб, галдаги вазифамиз – бундан кейин ҳам юртбошимиз томонидан белгилаб берилган галдаги вазифаларни изчил амалга ошириш кераклиги таъкидланди. Бунда энг аввало, Конституция ва қонунлар талабларидан келиб чиққан ҳолда, янги Президент сайлангунга қадар бугунги осойишта ҳаётни сақлаб қолиш, Давлат дастурларида кўрсатилган вазифаларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Ўтказилган кенг муҳокамалардан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди.

Парламентнинг бундай қарори унинг нафақат шаклланганлигидан, ўта муҳим сиёсий вазиятларни барқарорлаштиришга қаратилган қонун кучига эга бўлган қарорни қабул қилиш даражасига етганлигидан далолат беради. Мазкур қўшма қарор шубҳасиз, айни вақтда барқарорликни сақлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этишга хизмат қилади.

Акмал Бурханов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг