Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 01/12/2016 Мақсадимиз – халқ фаровонлигини таъминлаш
Мақсадимиз – халқ фаровонлигини таъминлаш
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми, яъни 16 миллион одам қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Ҳар йили қишлоқларда 160 мингдан ортиқ ёш оила қурилади, табиийки, уларнинг аксарияти уй-жойга эҳтиёж сезади.

Кўплаб ривожланган мамлакатларда фуқароларнинг аксарияти ўз уйига эга бўлмай, ижарада туришни маъқул кўрса, мамлакатимиз аҳолиси, асосан, ўз уй-жойига эга бўлиш, унда оиласи билан бахтли ҳаёт кечириш, фарзандларини замонавий андозалар асосида барпо этилган, барча шарт-шароитга эга уйда тарбия қилишга интилади. Одамларимиз ўз уйига эга бўлишни фаровон ва барқарор турмушнинг муҳим омили, деб билади.

Мазкур масаланинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, кейинги йилларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш, қишлоқда муҳандислик, коммуникациялар, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини яратиш борасида кенг миқёсли ишлар олиб борилди. Тегишли дастур амалиётга йўналтирилганидан буён қишлоқ жойларда 69 минг 557 та тураржой бунёд этилиб, ўтган етти йил давомида бу мақсадларга мамлакатимиз тижорат банклари томонидан 4,3 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Шу билан бир қаторда, ушбу эзгу ишларга халқаро молиявий институтларнинг кредит линиялари жалб этилди. Юқорида келтирилган рақамлар ортида ўз уйига эга бўлган бахтли ота-оналар ва фарзандлар, уй-жой шароитларини яхшилаб олган ўн минглаб оилалар турганини англаш қийин эмас.

Айни пайтда ушбу соҳани ўрганиш аҳолининг реал эҳтиёжлари ва харид қобилиятини, шунингдек, миллий менталитетни ва қишлоқ жойларда яшаш шароитларининг хусусиятларини тўлиқ ҳисобга олиб қурилиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган принципиал жиҳатдан янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Қишлоқ аҳолисининг замонавий ва арзон уй-жойга эҳтиёжи тобора ортиб бораётгани уй-жой қурилиши учун имтиёзли кредитлар беришнинг янада қулай шартларини жорий этиш, энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, уйларнинг таннархини пасайтиришни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз Сайловолди дастурида беш йилга мўлжалланган, тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон уй-жойларни барпо этишга қаратилган Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурини амалга оширишнинг аниқ йўналишларини баён қилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда уй қурувчиларнинг якка тартибдаги уй-жой барпо этиш учун бошланғич бадали 25 фоизни ташкил этаётган бўлса, дастурга мувофиқ, бадал миқдори 15 фоизгача камайтирилади. Шу билан бирга, уй қурувчиларга 3 йиллик имтиёзли давр ва биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги ставкаси билан 15 йил муддатга ипотека кредитлари берилади. Бундан кейинги даврда кредитнинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайди.

Дастурда кўзда тутилган ипотека кредитларига доир енгилликлар ёш оилаларга уй-жой харид қилишни ортга сурмасдан ўз уйига эга бўлиши ҳамда кредит тўловларини қийинчиликсиз амалга ошириши, қисқача айтганда, муносиб турмуш кечиришини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Дастурда асосий эътибор уй-жойнинг айнан арзонлигига қаратилган, бу эса фуқароларимизга ушбу афзалликдан фойдаланиши учун кенг йўл очади.

Барпо этилаётган намунавий уйларнинг нархи ниманинг ҳисобидан пасайтирилиши ҳам пухта ўйланган. Бунинг учун асосий қурилиш материаллари ва буюмларга қурилиш-пудрат ташкилотларининг харажатлари мақбуллаштирилади, уй қурувчиларига солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа имтиёзлар тақдим этилади. Дастурни амалга оширишнинг биринчи босқичидаёқ, яъни 2017 йилда эҳтиёжманд оилалар учун бошланғич тўлов ҳажми икки баробар камайтирилиб, тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон, бир ва икки қаватли 15 мингта замонавий уй-жой барпо этиш мўлжалланмоқда. Ушбу чоралар нафақат қишлоқлардаги арзон уй-жой фонди билан боғлиқ мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, балки қурилиш соҳасининг барқарор суръатларда ривожланишига хизмат қилиши инобатга олинса, ЎзЛиДеПдан номзод томонидан таклиф этилаётган ушбу дастур ғоятда муҳим эканига ишончимиз ортади.

Шу ўринда иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратсак, уй-жой қурилишига йўналтирилаётган инвестициялар жами сармоялар ҳажмининг 20 – 40 фоизини ташкил этади. Уй-жой ва инфратузилма барпо этиш ишлари иқтисодиётни тиклаш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида тан олинган. Масалан, ўтган асрнинг 30-йилларида АҚШда кечган Буюк депрессия даврида кенг миқёсда якка тартибдаги уй-жойлар қуришга кредитлар ажратиш сиёсати иқтисодий ўсишни қайта тиклашда ҳал қилувчи роль ўйнаган. Миллий иқтисодиётни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида шунга ўхшаш чора ҳамда дастурлар Германия, Буюк Британия ва бошқа давлатларда ҳам қабул қилинган.

Миллий тажрибамиз ҳам уй-жой қурилиши коммунал ва ижтимоий соҳа, транспорт ва коммуникация тармоқлари, замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг ҳамда аҳоли бандлиги масаласини самарали ҳал этишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилаётганини кўрсатмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимизда қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар натижасида қурилиш соҳасининг илғор технологиялари асосида халқаро стандартларга жавоб берувчи замонавий қурилиш ва пардоз материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди, айни пайтда уларнинг экспорти йўлга қўйилди.

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сайловолди дастурида 2017 – 2020 йилларда шаҳарларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриш дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Дастурга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳри ҳамда йирик шаҳарларда 50 мингга яқин оилалар учун кўп қаватли арзон уйлар қурилади. Янги уйларнинг қурилиши дастурда кўзда тутилган бошқа чоралар, яъни шаҳар ва қишлоқларда барпо этилаётган янги мавзеларда тегишли инфратузилмани яратиш, жумладан, йўл-транспорт тармоқларини барпо этиш, сув тармоқларини модернизация қилиш, энергия таъминотини яхшилаш билан биргаликда фуқароларимиз турмуш шароитларини салмоқли даражада яхшилаш имконини беради.

Бундан ташқари номзодимиз Шавкат Мирзиёев Сайловолди дастурида долзарб ижтимоий масалаларни ҳал қилишга қаратилган 15 та мақсадли дастур ишлаб чиқиш вазифаси илгари сурилгани, қолаверса, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш биринчи даражали вазифалар қаторига киритилгани жуда аҳамиятлидир.

Маълумки, жойларда айрим ота-оналар мактабгача таълим муассасалари билан боғлиқ муаммоларга дуч келишмоқда. Боғчалардаги гуруҳларда болалар сони белгиланган меъёрдан ортиқ бўлиши кузатилмоқда. Номзодимиз томонидан мазкур муаммони ҳал қилиш ҳамда мактабгача таълим тизимини мустаҳкамлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар таклиф этилаяпти. Хусусан, янги ва замонавий боғчаларни қуриш, мавжудларини тўлиқ таъмирлаш орқали болаларимиз учун яна бир миллиондан ортиқ ўрин ташкил этилади.

Номзод олий таълим тизимида янада туб ислоҳотлар амалга оширишни таклиф этмоқда. Бу борада замон олдимизга кўплаб долзарб ва қатъий -талабларни қўймоқда: олий таълим даргоҳларимизнинг битирувчилари муҳим вазифаларни самарали ҳал этишга қодирми? Улар етакчилик, ташаббускорлик фазилатларига эгами? Эртага яхши раҳбар бўла оладими? Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпи ёшлар эканини инобатга олсак, бу борадаги сиёсат, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касбларни пухта эгаллаган баркамол авлодни тарбиялаш ишлари “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида қатъий давом эттирилади.

Нуроний отахон ва онахонларимизни эъзозлаш, уларга ғамхўрлик қилиш – дастурнинг муҳим йўналишларидан. Кексаларимиз ва фахрийларимиз ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, дам олиши учун қулай шароитлар яратиш ишлари янада кучайтирилади. Муҳтарама аёлларимизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш ишлари ҳам янги босқичга кўтарилади, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини кучайтириш, турли соҳаларда салоҳиятини намоён этиши учун имкониятлар яратиш ишлари кенгайтирилади.

Шу билан бир қаторда, ёши улуғ инсонлар, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш режалаштирилган. Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш давом эттирилади. Қишлоқ врачлик пунктлари, тез ёрдам станциялари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва хусусий тиббиёт муассасаларининг фаолияти такомиллаштирилади. Айни пайтда тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларни асоссиз равишда тайинлашга, бунинг устига, дорихона тармоқларида дориларга бесабаб устама қўйилишига йўл қўймайдиган энг қатъий чоралар кўрилмоқда. Энг зарур дори воситаларини давлат дорихоналарида белгиланган нархларда харид қилиш мумкин бўлади. Айни пайтда хусусий дорихоналарда импорт қилинган ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситаларининг нархига қўйиладиган устама чекланади.

Умуман, Сайловолди дастурида назарда тутилган соҳага одид ушбу ва бошқа тизимли чора-тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши пировардида халқимиз фаровонлигининг юксалишига ҳизмат қилади.

Бу эзгу мақсад юртимиз эртасида ўз инъикосини топсин, мамлакатимиз келажакда дунёнинг энг тараққий топган давлатлари қаторида ўз муносиб ўрнига эга бўлсин, деган фуқароларни БИЗНИНГ НОМЗОД – ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ учун овоз беришга чақирамиз.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг