Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Англиянинг "Manchester City" клуби Франциянинг "Ланс" ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов учун курашга қўшилди. Бу ҳақда машҳур футбол инсайдери Фабрицио Романо маълум қилди.
Инсайдернинг маълумотига кўра, "шаҳарликлар" Европанинг етакчи клублари қаторидан чиқиб, ёш ўзбек футболчисининг ажойиб ўсишини кузатиб, уни қишги трансфер рўйхатига қўшган. Улар футболчини сотиб олиш борасида дастлабки музокараларни бошлади.
Абдуқодир Ҳусановга "Manchester City"дан ташқари Европанинг бошқа етакчи клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Ҳусанов 2023 йилнинг ёзида Беларуснинг "Энергетик-БГУ Минск" клубидан "Ланс" жамоасига тўрт йиллик шартнома асосида ўтган эди. Камтарона трансферга қарамай, 20 ёшли футболчи тезда Европа ҳимоячиларининг энг умидлилари қаторидан жой олди.
Унинг бу йилги Лига 1 мавсумидаги ажойиб ўйини "Newcastle United" ва "Tottenham Hotspur" каби клубларнинг эътиборини жалб қилди. "Newcastle" ҳозирча "Ланс" билан музокараларни бошлаш ҳақида қарор қабул қилмаган бўлса, "Tottenham" расмий таклиф тайёрлаётгани ҳақида хабар берилмоқда.
Шунингдек, Ҳусанов учун курашга "Paris Saint-Germain" ва "RB Leipzig" ҳам қўшилган.
Ҳусановнинг салоҳиятини яхши тушунган машҳур супер-агент Хорхе Мендеш унинг илк йирик трансферини ташкил этишни ўз зиммасига олди. Мендешнинг футбол оламидаги кенг алоқалари "Ланс" клубига ўз юлдузини қишки трансферлар даврида фойдали сотишга ёрдам бериши мумкин.