Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 25/06/2024 Мактабларда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни яхшилаш бўйича янги ташаббус илгари сурилмоқда
Мактабларда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни яхшилаш бўйича янги ташаббус илгари сурилмоқда

Маълумки, бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш ҳамда аҳолининг барча қатламлари соғлом ва фаол ҳаёт кечириши учун табиий, молиявий ва моддий ресурслардан фойдаланишнинг самарали иқтисодий ва экологик бошқарув тизимларини жорий қилиш жуда муҳим ва долзарб масаладир.

Айниқса, мактабларда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш ўсиб келаётган ёшлар келажаги учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Мактаб ёшидаги болалар нафақат таълим, балки соғлом овқатланиш ва соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам алоҳида эътиборни талаб этади. 

Шу муносабат билан, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “Мактаб овқатлантириш дастурини синовдан ўтказиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни яхшилашни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга оширишга киришмоқда.

Жорий йилнинг 25 июнь куни бўлиб ўтган ушбу лойиҳанинг кириш семинарида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD), Мактабгача таълим агентлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, “Замин” Халқаро жамоат фонди ҳамда Ибн Сино жамоат фонди вакиллари иштирок этишди.

Иштирокчилар лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, кўлами, концепцияси ва кутилаётган натижалар билан таништирилди. Томонлар иш режасини кўриб чиқдилар ва уни келгусида амалга ошириш шартларини келишиб олдилар.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар орасида тўйиб овқатланмаслик, зарарли озиқ-овқат маҳсулотларини кўп истеъмол қилиш ва семириш муаммоларини ортиб бораётгани таъкидланмоқда. Самарали таълим, мустаҳкам соғлиқ ва сифатли овқатланиш инсон капиталини шакллантиришнинг асоси ҳисобланади.

Айнан мактабдаги ўқиш даврида болаларда жисмоний, руҳий ва когнитив ўзгаришлар кузатилади. ФАОнинг янги лойиҳаси мактабларда овқатланиш дастурларини синовдан ўтказиш орқали юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни аниқлаш ва олдини олиш имконини беради.

Лойиҳанинг амалга оширилиши мактаб ўқувчиларининг хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга, мактабларда соғлом овқатланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва уни тарғиб қилиш мактаб тизимидаги озиқ-овқат хавфсизлиги, овқатланиш сифати билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга замин яратади. 

“Яхлит ва изчил мактаб дастурлари ва болаларнинг овқатланиш тизими, таълим ва соғлиққа бўлган эътибор инсон ҳуқуқларига эришишнинг калитидир. Мактабда соғлом овқатланиш, сифатли озиқ-овқат бўйича тадбирлар таъсирида ўқувчилар соғлом овқатланиш амалиётини ривожлантиришлари, ўз диеталарини яхшилашлари ва ушбу дастурларни оилалари ва яқинлари орасида ҳам татбиқ қилишлари мумкин. Ушбу дастурлар маҳаллий фермерлар ва деҳқонлардан мактаб учун озиқ-овқат харид қилиш орқали маҳаллий озиқ-овқат тизимларини қўллаб-қувватлашга, мустаҳкамлашга ва диверсификация қилишга ёрдам беради”, деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

Кириш семинари давомида иштирокчилар мактабларда овқатланиш тизимидаги мавжуд камчиликлар, муаммолар ва имкониятларни кўриб чиқишди. Шу жумладан мактаблардаги озиқ-овқат муҳити, шунингдек, овқатланиш сифати, озиқ-овқат хавфсизлиги ва мактаб овқатланишини умумий бошқаришни яхшилаш учун махсус имкониятларни ривожлантириш чора тадбирларини муҳокама қилишди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг