Мактабларда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларига ойлик маошларига 50% устама тўланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари ойлик маошларига тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида устама олади.
Қўшимча тўловлар Ўзбекистон Республикаси Миллий билим ва кўникмаларни баҳолаш тизими томонидан берилган ўзбек тили ва адабиёти сертификатига эга педагогларга тааллуқли бўлади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Хилола Умарова ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Президентнинг «Ўзбекистон – 2030 стратегиясини амалга оширишга қаратилган Давлат дастури тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, тўловлар 2025 йил 1 февралдан бошланади.
«Фармонга кўра, 2025 йил 1 февралдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим муассасаларида давлат тили — ўзбек тили фанидан дарс берувчи ва Миллий билим ва кўникмаларни баҳолаш агентлиги томонидан берилган ўзбек тили ва адабиёти сертификатига эга бўлган ўқитувчиларга ҳар ойлик маошларига тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида устама тўланади», — деди Хилола Умарова.