Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Иқтисод 07/07/2023 Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Ўзбекистонда шаҳарларнинг кенгайиши ҳамда уларнинг атроф-муҳитга таъсири таҳлил қилинди.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Ўзбекистонда шаҳарларнинг кенгайиши ҳамда уларнинг атроф-муҳитга таъсири таҳлил қилинди.

Дунёда шаҳарсозликнинг турли моделлари мавжуд бўлиб, шаҳарлар икки асосий усулда - ташқи томонга кенгайиш орқали горизонтал ёки юқорига ўсиш орқали вертикал ривожланади. ХIХ аср охирида Чикагода осмонўпар бинонинг қурилиши янгича меъморий тасаввурни уйғотди ва ривожланиш марказида бўлган шаҳарларнинг шаклини ўзгартирди.

Шаҳарлар кенгайишининг 3 хил асосий сценарийси мавжуд бўлиб, уларга кўра аҳоли зичлиги камайиши, ўзгармаслиги ва ортиши мумкин. Биринчи ва иккинчи сценарийлар одатда шаҳар ҳудудининг ён-атрофга кенгайишини ифодалайди. 3-сценарий бўйича эса шаҳар вертикал ўсиб, аҳоли зичлиги ортиб боради.

Шаҳарларнинг вертикал ўсиши: 

- ердан фойдаланишни оптималлаштириш;

- инфратузилмаларга киритиладиган инвестицияларни қисқартириш;

- шаҳарлар ичида саёҳат вақтини камайтириш;

- кишиларнинг бир жойда жамланиб ахборот ва билим алмашишини тезлаштириш;

- янада барқарор шаҳар ривожланишини қўллаб-қувватлашда ёрдам беради. 

Шу билан бирга, вертикал ўсиш билимга асосланган бошқарув моделларини қўллашни талаб этади.

Ўзбекистонда 2012-2016 йилларда хонадонлар (уй) лар сони 6,6% га ўсган бўлса, 2017-2021 йилларда ўсиш ўтган 5 йилликдагидан 3 баробар ортиқ (20,3%) бўлди. Бу даврда уйлар Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида энг кўп қурилган.

Таҳлил натижаларига кўра, 2021-2022 йилларда:

Сардоба, Жондор, Пешку, Хўжаобод, Сўх ва Боғдод туманлари ҳамда Навоий, Жиззах, Зарафшон, Бухоро ва Андижон шаҳарларида вертикал ўсиш энг юқори бўлган. 

Республиканинг 77 та туман ва шаҳарларида жами фойдаланишга қабул қилинган уй-жойлар майдонида кўп хонадонли уй-жойлар майдонининг улуши 30% дан кам бўлган.

Хусусан, Бўзатов, Кегейли, Қораўзак, Бўстон, Янгиобод, Томди, Олтинсой, Мирзаобод, Сайхунобод туманлари ҳамда Ғозғон, Ширин ва Ангрен шаҳарларида кўп хонадонли уйлар фойдаланишга топширилмаган.

Ижобий жиҳатлари билан бир қаторда, вертикал шаҳарлар инфратузилма талаблари, атроф-муҳитга таъсири ва яшаш учун қулайлик нуқтаи назаридан қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Масалан:

Аксарият ҳудудларнинг бош режаси ишлаб чиқилмагани ёки якунига етказилмагани. Бош режаси бор ҳудудларда ҳам ер ажратишнинг режага зид равишда амалга оширилиши тартибсиз қурилишларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, 2021-йилда республикада 814 та ҳолатда бош режага амал қилинмагани аниқланган. 

Қурилиш ишларининг жадаллашуви натижасида яшиллик даражаси 2022-йилда 2017-йилдагига нисбатан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида 26%, Яккасарой туманида 23%, Олмазор туманида 33%, Мирзо Улуғбек туманида 18% га қисқарган. Бундай ҳолатни республиканинг бошқа ҳудудлари мисолида ҳам кузатиш мумкин. Масалан, таҳлил даврида Бухоро шаҳрининг марказий қисмида яшиллик даражаси 37% га қисқарган.

Яшил ҳудудларнинг инсон саломатлигига таъсири бўйича олиб борилган тадқиқотлар давомида қуйидаги натижалар олинган:

- «JAMA Network Open»да чоп этилган тадқиқот натижалари ҳиёбонлар, жамоат боғлари ва бошқа яшил майдонларга келувчиларнинг руҳий саломатлиги

- яхшиланишини тасдиқлади. Хусусан, ҳафтасига 3-4 марта яшил ҳудудларда сайр қилувчилар бир марта ёки ундан кам келувчиларга қараганда руҳий саломатлик дориларидан 33%, қон босими дориларидан 36% ва астма дориларидан 26% кам фойдаланиши аниқланди. 

- nature.com сайтида эълон қилинган ҳисоботга кўра, ҳафтада 2 соатни табиат қўйнида ўтказиш ташвиш ёки депрессиядан халос бўлиш, юқори қон босими ҳамда юрак касалликлари хавфини камайтиришда ёрдам беради.

Шунингдек, шифокорлар баъзи дори воситалари ўрнига табиатда кўпроқ вақт ўтказишни тавсия қилмоқда. Хусусан, Янги Зеландияда шифокорлар 1998-йилда яшил майдонда ўтказиш лозим бўлган вақтни белгилаб берган бўлса, Японияда ўрмон ҳавосидан нафас олиш экотерапиянинг бир шакли сифатида қўлланилмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг