Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» Ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Нуроний» жамғармаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Жаҳон» ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпания, «Маҳалла» фонди масъул ходимлари, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов, «Маҳалла» фонди республика бошқаруви раиси Ж.Иноғомов ва бошқалар юртимизда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳасини тубдан янгилаш ҳамда модернизация қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ рўёбга чиқаралишини таъминлаётган, демократик стандартларга мос бўлган сайлов тизими яратилганлигини қайд этишди.
Жамиятимиз сиёсий-иқтисодий ва маънавий ҳаётининг ажралмас қисми сифатида маҳалла институтининг ҳуқуқий асосларини яратиш, уларнинг замон талабларига мос ҳолда такомиллаштириб борилиши натижасида бугунги кунда фуқаролар йиғинлари томонидан илгари маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тааллуқли бўлган 30 дан зиёд вазифалар муваффақиятли бажариб келинаётганлиги, маҳаллалар аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказларига айланаётганлиги, шунингдек, уларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати самарали олиб борилаётганлиги эътироф этилди.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси томонидан 2016-йил 7-октябрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда фуқароларга истиқлол йилларида яратилган миллий сайлов тизими, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонун, унга сўнгги йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда сайловчиларнинг қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларини кенг тушунтириш ишлари олиб борилаётганлиги алоҳида айтиб ўтилди.
Жамиятни янада янгилаш ва демократлаштириш фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи амалга оширилиши билан ҳам узвий боғлиқ. Шу боис сайлов жараёнининг барча босқичларидан сайловчилар хабардор бўлиши, уларнинг ҳуқуқий маданиятини, шу жумладан, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш муҳим ҳисобланади. Бу эса уларнинг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тўлақонли риоя этишлари ва сайлов куни ўз хоҳиш-иродаларини эркин ифода этишларини таъминлайди.
Бугунги кунда юқорида зикр этилган Дастур доирасида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича маҳаллаларда тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасига биноан, аҳолининг ҳуқуқий ва сайлов маданиятини юксалтиришга қаратилган ташвиқот ишлари изчил амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, уларнинг сайлов жараёнидан хабардорлик даражасини янада ошириш мақсадида маҳаллаларда «Мен шахсан ўзим овоз бераман», «Бизнинг оиламизда ҳар биримиз ўз овозимизга эгамиз», «Менинг овозим Ватан келажагига дахлдор», «Биз танлаш ҳуқуқига эгамиз», «Сайловчилар рўйхатида бормисиз» деган мавзуларда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Семинарда Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган тадбирларда фуқаролар йиғинлари раислари ва жамоатчилик комиссияларининг ўрни, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг моҳияти ва аҳамияти, участка сайлов комиссиялари ишини самарали ташкил этишда маҳалла фаолларининг роли кабилар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирда сайловга тайёргарлик кўриш даврида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича маҳаллаларда тарғибот тадбирларини аҳоли ўртасида, оилаларда изчил давом эттириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган тадбирларда аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш бўйича тарғибот ишларининг изчил олиб борилиши, уларнинг ўз овози давлатимиз ва жамиятимизнинг келгуси тараққиёти учун ғоят муҳим аҳамиятга эга эканликларини англаб етишларига хизмат қилиши эътироф этилди.
Семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раиси А. Арипов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази