Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Ўзбекистон 07/07/2016 Литванинг Сейма делегацияси Қонунчилик палатасида музокаралар ўтказди
Литванинг Сейма делегацияси Қонунчилик палатасида музокаралар ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизга ташриф буюрган Литва Сеймининг Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Валериус Симулик раҳбарлигидаги делегация аъзолари 5 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Сарвар Отамуродов билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси билан Литва Республикаси ўртасидаги алоқалар турли йўналишларда ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Мамлакатларимиз ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган парламентлараро алоқалар икки томонлама сиёсий мулоқотни ривожлантиришнинг муҳим омилидир.

Парламентаризм йўналишида турли даражадаги учрашувлар фаоллашиб бораётир. 2013 йилда таъсис этилган Литва Сеймининг Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи ушбу соҳадаги алоқаларни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Музокара давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти фаолияти тўғрисида сўзлаб берилди. Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва босқичма-босқич амалга оширилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” барқарор ривожланишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Меҳмонлар Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ўсиши сўнгги 11 йилда мунтазам саккиз фоиздан юқори бўлаётгани, макроиқтисодий кўрсаткичларга эришилаётгани Ўзбекистонда барча соҳалар қатори иқтисодиётни изчил ривожлантириш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат самараларидан экани қайд этилди.

– Литва Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорлик қилишдан манфаатдор, – деди Валериус Симулик. – Зеро, жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистонда кўплаб соҳаларда улкан ўзгаришлар кузатилмоқда. Бунда мамлакатингиздаги тинчлик ва барқарорлик, унинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган нуфузи муҳим омил бўлмоқда.

Учрашувда икки мамлакат олий қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликка доир масалалар юзасидан фикр алмашилди. Парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, қонун ижодкорлиги ва назорат фаолияти бўйича ўзаро тажриба алмашувини фаоллаштириш зарурлиги қайд қилинди.

Литва делегацияси мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида ҳам музокаралар ўтказди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг