Учрашувда Тошкентда фаолият юритувчи академик лицей ва коллежларнинг 70 нафар директорлари иштирок этдилар.
Учрашув давомида Корея Республикасидаги Инҳа университети вакиллари жорий йилда очилган Jungseok International School of Global Studies (Jungseok ISGS, Глобал тадқиқотлар халқаро мактаби) дастурини тақдим этдилар.
Бу йилдан бошлаб Корея Республикасидаги Инҳа университети “Jungseok ISGS” дастурини очди. “Jungseok ISGS” дастури ёшларга Корея Республикасидаги Инҳа университетида таълим олиш ҳамда глобал тадқиқотлар соҳасида бакалавр даражасини олиш имконини беради. Дастур томонидан аълочи талабаларга грантлар кўзда тутилган.
Мазкур дастур глобал бизнес соҳасида етакчиларни тайёрлашга қаратилган ҳамда халқаро бизнес, халқаро савдо, моддий-техник ва маданий бошқарув соҳасидаги асосий мавзуларни қамраб олади. Барча курслар инглиз тилида ўтилади.
Дастур шунингдек, талабаларга корейс тили ва Корея Республикаси маданиятини ўрганиш имкониятини ҳам тақдим этади.
Корея Республикасидаги Инҳа университетида таълим олиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун абитуриентлар ҳужжатлар тўплами ҳамда 5,5 баллдан кам бўлмаган IELTS сертификатини тақдим этишлари шарт.
Эслатиб ўтамиз, IELTS сертификати 7,0 баллдан юқори бўлган абитуриентлар Корея Республикасидаги Инҳа университетининг грантига эга бўлишлари мумкин.
Учрашувдан сўнг ўрта махсус ўқув юртлари вакиллари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида талабалар ва ўқитувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Лицей ва коллеж раҳбарлари учрашув давомида “Jungseok ISGS” дастури ҳақида олган маълумотларни ўқув юртларида таълим олаётган ёшларга етказадилар.