Валюта курслари 27/12/2024
$1 – 12920.48
UZS – -0.06%
€1 – 13436.01
UZS – -0.19%
₽1 – 130.17
UZS – 0.39%
Қидириш
Ўзбекистон 30/12/2024 Кушербоев: «Док-1 Макс» ва «Амбронол»дан жабр кўрганлар ҳамда жабрдийдаларнинг оилалари тўлиқ миқдорда компенсация олмаган

Кушербоев: «Док-1 Макс» ва «Амбронол»дан жабр кўрганлар ҳамда жабрдийдаларнинг оилалари тўлиқ миқдорда компенсация олмаган

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Док-1 Макс” ва “Амбронол” препаратларидан жабрланган оилаларга ҳанузгача тўлиқ компенсация тўланмаган, деб хабар беради экология вазири маслаҳатчиси ва собиқ депутат Расул Қўшербоев.

У ўзининг Telegram-каналида, 2022 йил декабрь ойида Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларини қабул қилганидан сўнг 70 га яқин боланинг вафоти ҳақида маълум қилинганини эслатди.

Расул Қўшербоев таъкидлашича, айни вақтда ушбу дорилардан заҳарланиб, соғлиғини йўқотган ва ногирон бўлиб қолган болалар орасида даволанишни давом эттириши зарур бўлганлари ҳам бор, аммо улар маблағ етишмовчилиги сабаб навбатдаги муолажаларни ололмаяпти.

Унинг маълумотига кўра, 2024 йил февралида суд номлари зикр этилган дориларни ичиш оқибатида соғлиғи ўта оғир аҳволдаги боланинг ҳар бирига 1 млрд сўмдан, соғлиғи қониқарли бўлган боланинг 4 боланинг ҳар бирига 500 млн сўмдан ҳамда соғлиғи яхшиланган 8 боланинг ҳар бирига 200 млн сўмдан маънавий зарар ундириш ҳақида ҳукм чиқарган эди. Шунингдек, ноябрь ойидаги суд жараёни якунига кўра, ҳаёти учун хавфли тан жароҳатлари олган яна 5 нафар боланинг ҳар бирига 1 млрд сўмдан компенсация тўлаш ҳақида ҳукм чиқарган.

"Аммо бу компенсация пуллари ҳали тўлиқ тўлаб берилгани йўқ. Бир қатор болаларнинг ҳаёти эса айнан шу компенсация пулларининг тезроқ берилишига боғлиқ. Бу муолажалар орқали кўрмай қолган болалар кўришни, эшитмай қолган болалар эшитишни, юролмай қолганлари эса юришни бошлаши мумкин."-таъкидлади Кушербоев.

"Масъуллар бу болаларни унутиб юборишган кўринади. Шунча бола ўлишига айбдор мансабдорлар ҳеч бўлмаса халқдан кечирим сўраб қўйишгани ҳам йўқ! Балки буни унутишгандир. Агар шундай бўлса биз яна эслатаяпмиз." -деди у.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг