Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Спорт 25/02/2019 Кураш: Энди Осиё ўйинларида 7 та эмас, 17 та медаллар жамланмаси ўйналади
Кураш: Энди Осиё ўйинларида 7 та эмас, 17 та медаллар жамланмаси ўйналади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Хабарингиз бор, 2018 йилги Осиё ўйинларида кураш илк маротаба мусобақа дастуридан ўрин олди. Индонезия мезбонлик қилган ўйинларда миллий спортимиз бўйича 7 та вазн тоифасида баҳслар ташкил қилинди. Бу албатта бизни қувонтирмай қўймайди.

Кеча юртимизга Осиё Олимпия Кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабах бошчилигидаги делегация вакиллари ташриф буюрганликлари ҳақида маълум қилгандик. Мазкур делегация таркибида Халқаро кураш ассоциацияси президенти, ООК Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон ҳам Ўзбекистонга келган.

Бугун Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов пойтахтимиздаги «Hyatt Regency» меҳмонхонасида Ҳайдар Фармон билан учрашув ўтказди. Унда ўзбек миллий спорти ҳисобланган курашнинг Осиё ўйинларидаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлида музокаралар олиб борилди. Учрашувда МОҚ раҳбари мусобақанинг кураш бўйича баҳсларида вазнлар тоифасини кўпайтириш ғоясини илгари сурди. Ушбу таклиф Халқаро кураш ассоциацияси президенти томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Бу бўйича Осиё Олимпия Кенгаши ҳулосаси Ҳанчжоу-2022, Нагоя-2026 ўйинлари ташкилий қўмитасига ҳам юборилди.

Демак, учрашув якунларига кўра, 2022 йилги Осиё ўйинларидан бошлаб кураш 15 та вазн тоифасида (7 та эркаклар, 8 та аёллар) ташкил этилади. Шунингдек, эркаклар ва аёллар ўртасида жамоавий беллашувлар ҳам ўйинлар дастуридан ўрин олади. Шу тариқа, миллий спортимиз нуфузи Осиё ўйинларида янада кўтарилади ва кураш баҳсларда умумий ҳисобда 17 та медаллар жамланмаси ўйналади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилги Осиё ўйинларида 7 та вазн тоифасида (4 та эркаклар, 3 та аёллар) беллашувлар ўтказилган. Мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилган 14 спортчидан 12 нафари медалларга сазовор бўлганди.

Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг