Кулолчиликда амалиёт муҳим экан...
Шинжон-Уйғур автоном вилояти Карамай шаҳри (Шимолий-ғарбий Хитой)га ташрифимиз доирасида кулолчилик музейида ҳам бўлдик.
Энг аввало музей ходимлари бизга бу ерда сақланиб келинаётган, бир неча асрлик тарихга эга сопол буюмлар, жумладан: чойнаклар, пиёлалар, косалар, кўзалар ва бошқалар ҳақида маълумот беришди. Шундан сўнг музей ходимлари ОАВ ходимларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб қайтаришди.
Шу кунгача кулолчилик ишларини интернет ва ТВ орқали кўргандим. Назаримда пиёла, чойнак ва кўза ясаш осондек туюлганди. Лекин амалда кулолчилик ҳам катта бир санъат экан.
Музей бўйлаб таништирув якунлангандан сўнг бизни катта бир хонага таклиф этишди. Бу музейга ташриф буюрган меҳмонлар учун мўлжалланган ўзига хос тажриба устахонаси экан. Биз учун барча зарур буюмлар билан махсус жиҳозланган курсига ўтириб, ишга киришдик...
Керамика лойидан нима ясашингиз ихтиёрий эди. Мен ўзимга таниш бўлган чойнак ва пиёлани ясашга ҳаракат қилиб кўрдим. Мен бу ҳунарни бажариш осон деб ўйлаган эканман. Лекин, тўғриси, ярим соат вақтим кетди - барибир кўнгилдагидек чиқмади. Шунда бир нарсани англадимки, барча соҳалар қатори кулолчиликда ҳам амалиёт муҳим экан...
Ўз қўлимиз билан ясаб кўрган буюмлардан олган бир умрлик таассуротларимиз учун хитойлик ташкилотчиларга миннатдорлик билдирамиз.