Валюта курслари 22/01/2025
$1 – 12984.44
UZS – 0.07%
€1 – 13442.79
UZS – 0.52%
₽1 – 129.90
UZS – 1.78%
Қидириш
Ўзбекистон 21/01/2025 Кредиторларнинг гаров мол-мулкига бўлган ҳуқуқларининг устуворлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

Кредиторларнинг гаров мол-мулкига бўлган ҳуқуқларининг устуворлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилмоқда.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда мажбуриятлар бажарилиши таъминоти сифатида тақдим этилган мол-мулкка нисбатан кредиторлар ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, гаровга қўйилган мол-мулкини аукцион орқали сотиш жараёнларини соддалаштириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, амалиётда қарздор томонидан кредит (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятлар ўз вақтида ва (ёки) лозим даражада бажарилмаганда кредиторнинг (банкнинг) гаров билан таъминланган талабларини қондириш, ундирувни суд тартибида ва суддан ташқари тартибда гаров мулкига қаратиш, гаровга олувчининг гаров мулкига бўлган ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашда бир қатор муаммолар мавжуд.

Шундан келиб чиқиб, мазкур қонун лойиҳаси мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида тақдим этилган мол-мулкка нисбатан кредиторлар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш, гаровга қўйилган мол-мулкни аукцион орқали сотиш жараёнларини соддалаштириш ҳамда мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда мол-мулкнинг бошланғич сотув нархини бозор қийматида баҳолаш, шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятларни суддан ташқари тартибда ундириш амалиётини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Муҳокамаларда депутатлар гаров мулки ҳисобланган мол-мулк гаровга қўювчидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун олиб қўйилганда, гаровга олувчида ўз талабларини ушбу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантиришда ҳамда мол-мулкни тасарруф қилишга доир чекловларни олиб ташлашда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари поймол бўлишига йўл қўймаслик масалаларига ҳам эътибор қаратдилар.

Халқ вакилларининг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши кредиторларнинг гаров мулкига нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштириш, мажбуриятни гаровдаги мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштириш ҳамда кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушининг камайишига хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг