Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Технологиялар 08/10/2020 Корея технологияларига асосан COVIDга тест топшириш
Корея технологияларига асосан COVIDга тест топшириш

Тошкент шаҳрида Корея технологияларига асосан COVID-19га тест топшириш бўйича лаборатория фаолият юритяпти. У Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва КОРЁ Университети Клиникаси ҳамкорлиги натижасида очилган.

Жанубий Кореянинг мазкур ОТМ ўқитувчи-профессорлар таркиби вакиллари, ҳамда уларнинг қўл остида тегишли таълим олган маҳаллий мутахассислар лабораторияни бошқаради ва унда вахта усулида ишлайди. Профессор Сеунг Юн (Seung Joo, Yoon) тушунтириб берганидек, COVID-19 касаллигини ташхислаш мақсадида PCR тестини ўтказиш учун мазкур лабораторияни ташкил этиш зарурати Ўзбекистон фуқароларининг Корея Республикасига кетиши, жумладан, меҳнат миграцияси доирасида йўл олиши туфайли пайдо бўлган. Пандемия шароитида Кореяга боришнинг муҳим шарти сифатида Ўзбекистондан учишдан 48 соат аввал COVID-19га топширилган тестнинг манфий чиқиши саналади. 

Тошкент шаҳрида Корея лабораторияси очилгунга қадар Кореяга Ўзбекистондан қўлида манфий тест натижаси билан учиб борганларнинг деярли ярми Сеулдаги тестдан ўтганда коронавирус инфекцияси юқтиргани маълум бўлган. КОРЁ Университети ходимлари томонидан ташкил этилган лаборатория ишлашни бошлаши билан Кореяга учиб бораётган ўзбекистонликларнинг COVID билан боғлиқ муаммосига чек қўйилди. Лаборатория эса бир ойдан бери ишлаяпти.

Бу ҳар иккала томон учун ҳам жуда муҳимдир. Чунки Кореяга учиб борганларда агар инфекция аниқланса, улар ё Кореяда ўз ҳисобидан икки ҳафта давомида даволаниши керак бўлган. Бу 5 минг доллар атрофида харажат деган сўз. Ёки Ўзбекистонга қайтиб кетиши керак бўлган. Бу ҳам ўз ҳисобидан, албатта.

Корея лабораторияси тести бошқа лабораторияларга қараганда қимматроқ. Бу Кореялик мутахассисларнинг Тошкентда доимий яшаши зарурати билан боғлиқ.

Миллий палата таклифига мувофиқ, Кореялик шифокорлар Ўзбекистоннинг COVID-19га тест ўтказадиган бошқа лаборатория мутахассисларини мазкур лаборатория тажрибасига асосан ўқитишга тайёр.

Лаборатория директори Еуи Сонг (Eui Seob, Song) таъкидлаганидек, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан ҳамкорлик соғлиқни сақлаш тизимидаги энг зарур талабларга тезкор эътибор қаратиш имконини беради. Бугун Корея технологиялари асосида очилган ушбу лаборатория одамларга COVID-19 бўйича ўз ҳолатини аниқ билиш ва бехавотир сафарга чиқиш имконини беради. Эртага бу бошқа долзарб лойиҳа бўлиши мумкин. Лаборатория раҳбари «Замонавий ҳамкорлик ҳар қандай соҳада, айниқса соғлиқни сақлашда энг зарур талабларни чуқур тушунишга асосланади», — деб ҳисоблайди. 

Шундан келиб чиқиб, Миллий палата раиси ўринбосари Абдунумон Сидиков билан бўлган навбатдаги учрашувда Корея томонидан ҳамкорликни икки томонлама ривожлантириш бўйича келгуси режалари муҳокама этилди.

Шуни қўшимча қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва КОРЁ Университети Клиникаси ўртасидаги ҳамкорлик ҳақидаги Меморандум 2019 йилда Сеулда имзоланган эди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон аҳолисига сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни мақсад қилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, соғлиқни сақлаш тизимидаги илмий ишлаб чиқариш ва ҳамкорликнинг бошқа турларини кўзда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг