Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Давактив агентлигида “Lotte” корпорацияси (Корея Республикаси) таркибига кирувчи “Hotel Lotte Co., Ltd” компаниясининг бош директори Ким Таэ Ҳонг бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда, Давактив агентлиги директори сўнги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев бошчиликларида иқтисодиётни диверсификация қилиш ва унда давлат улушини қисқартириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, ушбу ислоҳотлар доирасида тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ Тошкент шаҳридаги “Lotte City Hotel Tashkent Palace” меҳмонхонасини хусусийлаштириш жараёнлари тўғрисида тўхталиб ўтди.
Шу ўринда, Ким Таэ Ҳонг Ўзбекистонда “Hotel Lotte Co., Ltd” компанияси фаолият олиб боришидан манфаатдор эканлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда жадал олиб борилаётган хусусийлаштириш жараёнлари доирасида, шунингдек, меҳмонхоналарни бошқариш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.