Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 01/12/2022 Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз кафолати
Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз кафолати

Давлат ва жамият ҳаётининг асосий тамойилларини белгилаб берувчи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий кафолати вазифасини ўтовчи Конституция – нафақат давлатчиликнинг муҳим рамзи, балки ҳар бир халқнинг миллий ғурури ва ўз-ўзини ҳурмат қилишининг ҳуқуқий тимсоли ҳамдир.

Шу боис мамлакатимизда ҳар йили декабрь ойи бошида Конституция декадасини нишонлаш одат тусига кирган. Бу йил Асосий қонунимизнинг 30 йиллиги тантаналари конституциявий ислоҳот жараёнлари билан уйғунлик ва ҳамоҳанглик касб этмоқда.

Умумхалқ муҳокамаларида фуқаролар томонидан келиб тушган 160 мингга яқин таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76 та моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Конституциявий қонун лойиҳасига кўра, Асосий қонунни 15 та янги модда ва 1 та янги боб билан тўлдириш режалаштирилган. 

2022 йил 1 декабрь куни бўлиб ўтган «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – инсон қадрини улуғлаш, эркин ва фаровон ҳаётимиз кафолати» мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида шу ҳақда сўз борди. Конституциямизнинг 30 йиллигига бағишланган ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ва Тошкент Давлат транспорт университети ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Конференция доирасида ўтган йиллар мобайнида Асосий қонунимизнинг босиб ўтган йўли хусусида фикр алмашилди. Шу мақсадда ялпи мажлис ва бир нечта шўъбадан иборат йиғилишларда қизғин муҳокамалар ўтказилди. 

Ялпи мажлисда Конституциявий комиссия раиси, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти қошидаги Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси, академик А.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси, Тошкент Давлат транспорт университети ректори О.Абдураҳмонов, Давлат ва ҳуқуқ институти директори М.Турғунов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш ва илғор технологияларни жорий этиш тадқиқотлари маркази директори Ш.Яқубов маъруза қилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг жамият ва давлат ҳаётини янги босқичга кўтаришдаги роли алоҳида таъкидланди. Хусусан, таълим тизимида Конституцияни ўрганишнинг назарий ва амалий жиҳатлари, халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчиликнинг ўзаро таъсири муаммолари таҳлил қилинди.

Муҳокамаларда Давлат ва ҳуқуқ институти ходимлари – бўлим мудири M.Баратов, O.Оқюлов, Н.Азизов, Р.Назаров, шунингдек, Тошкент Давлат транспорт университети вакиллари – кафедра мудири А.Дадашева, Б.Юлдашев қатнашди. 

Сўзга чиққанлар томонидан Конституциямизнинг миллий давлатчиликни шакллантиришдаги ўрни, ижод эркинлигининг конституциявий асослари, конституциявий нормаларнинг амалий ижросини таъминлашнинг устувор йўналишлари хусусида атрофлича фикр юритилди. Асосий қонунимиз инсон қадр-қиммати, жамият эркин ва фаровон ҳаётининг кафолати экани яна бир бор эътироф этилди.

Республика илмий-амалий конференцияси якунида беш жилдлик «Конституциявий ислоҳотлар: дунё мамлакатлари тажрибаси» китобининг уч жилди, «Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Конституциялари» ва «Жаҳон Конституциялари» китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. 

Давлат ва ҳуқуқ институти ходимлари томонидан тайёрланган ушбу нашрлар конституциявий-ҳуқуқий саводхонликни оширишда муҳим аҳамият касб этади. Янги китоблар мамлакатимиз Асосий Қонунининг 30 йиллигига мўъжаз ва муносиб совғадир.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг