Конгрессмен Трент Келли: Ўзбекистон улкан имкониятлар давлати, мамлакат АҚШ бизнеси ва савдоси учун очиқ
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ Конгрессида "Янги Ўзбекистон: савдо, инвестициялар ва АҚШ билан ҳамкорлик" мавзусида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбирнинг асосий мақсади – АҚШ томонига Ўзбекистонда иқтисодий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвестициялар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда ўзбек-америка муносабатларининг ҳозирги юқори даражаси юзасидан маълумотларни етказишдан иборат бўлди.
Унда АҚШ Конгресс Вакиллар палатаси аъзолари, Давлат департаменти, Конгресс тадқиқот хизмати, АҚШ Савдо вакили офиси, Қўшма Штатларнинг етакчи компаниялари ҳамда "The Diplomat", "Diplomatic Watch" ва "The Times of Central Asia" каби оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда "Ўзбекистон бўйича кокус" ҳамраиси, конгрессмен Трент Келли, конгресс аъзоси Кэрол Миллер, "Cove-Capital" компаниясининг раҳбари Пини Алтхаус, "FLSmidth" компанияси вице-президенти Питер Фланаган ҳамда "Америка-Ўзбекистон савдо палатаси" ижрочи директори Елена Сон нутқ сўзлади.
Конгрессмен Трент Келли Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, жуда қисқа вақт ичида юксак натижаларга эришилганини эътироф этди.
Унинг айтишича, 25 март куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасига H.R. 2329-сонли Жексон-Вэник тузатишини Ўзбекистонга нисбатан бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилган ва ҳужжат нусхаси Ўзбекистон томонига тақдим этилди.
АҚШ Вакиллар палатаси аъзоси Ўзбекистоннинг Конгрессда тобора дўстлари кўпайиб бораётганини, жумладан у ўзининг дўсти, Миссисипи штати вакили Майкл Гестнинг ҳам Ўзбекистон билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйганини қайд этди. Сенатда эса Стив Дейнс республиканинг ишончли ҳамкори экани қайд этилди.
"Жексон-Вэник" тузатишини Ўзбекистонга нисбатан имкон қадар тез фурсатларда бекор қилиш мақсадида конгрессвумен Кэрол Миллер, конгрессменлар Висенте Гонсалес ва Жимми Панетта билан биргаликда фаол иш олиб бораётгани маълум қилинди. "Мен Солиқ ва бюджет қўмитаси раиси Жейсон Смит билан бир неча бор учрашдим. Ҳозирда тузатишни бекор қилиш учун энг мақбул пайт ва биз буни амалга ошириш учун бор кучимизни ишга соламиз", деди Трент Келли.
Конгрессмен, шунингдек, Ўзбекистонда савдо ва инвестиция учун энг қулай шарт-шароитлар яратилганини урғулади. "Ўзбекистон улкан имкониятлар давлати. Мамлакат АҚШ бизнеси ва савдоси учун очиқ", деди у.
Трент Келли Конгресс аъзоси Кэрол Миллернинг яқинда Ўзбекистонга қилган сафари ҳақида сўзлаб, бу унинг биринчи ташрифи бўлганини, аммо сўнггиси эмаслигига ишонч билдирди. "Менинг тажрибамга кўра, Ўзбекистонга борганингизда, у ердаги одамларнинг қалбидаги меҳр ва миллатга бўлган ифтихорни ҳис қиласиз ва яна қайтишни хоҳлайсиз", дейди "Ўзбекистон бўйича кокус" ҳамраиси.
АҚШ Конгресси вакили Кэрол Миллер жорий йил 16-19 март кунлари Ўзбекистонга қилган сафари унда чуқур ва унутилмас таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлади.
"Ўзбекистонга амалга оширган ташриф мен учун катта шараф бўлди. Мен тарих соҳасида таҳсил олганим учун Ўзбекистоннинг бой ва бетакрор тарихи менда ҳар доим катта қизиқиш уйғотган. Бор йўғи 250 йиллик тарихга эга Америкадан келган шахс сифатида, минг йиллар давомида улкан тарихий меросни асраб келаётган мамлакатда бўлиш мен учун беқиёс тажриба бўлди", деди у.
Конгрессвумен, Ўзбекистон Президенти билан бўлиб ўтган мазмунли мулоқотини алоҳида таъкидлаб ушбу суҳбат унда катта таассурот қолдирганини айтиб ўтди. Узоқ давом этган самимий мулоқот очиқ ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида ўтгани, учрашувда муҳокама қилинган масалалар истиқболли эканлиги қайд этилди.
У, шунингдек, Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги жадал иқтисодий тараққиётига юқори баҳо бериб, мамлакат барча соҳаларда жуда тез ривожланаётганини қайд этди. Шу билан бирга, у Ўзбекистондаги маданий хилма-хиллик ва миллатлар ҳамда динлар ўртасидаги бағрикенглик муҳитига юқори баҳо берди. "Мен Ўзбекистондаги қадимий ва замонавий масжидлар, православ черкови ва синагогаларни кўздан кечирдим. Уларнинг барчаси Ўзбекистонда миллатлар ва динлар ўртасида мустаҳкам бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат руҳи шаклланганини яққол намоён этди", деди Кэрол Миллер.
Сўзининг якунида конгрессвумен АҚШ Вакиллар палатасидаги Солиқ ва бюджет қўмитаси аъзоси сифатида, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. "Минтақангизга сафардан қайтганимдан сўнг, мамлакатларингизга нисбатан "Жексон-Вэник" тузатишини бекор қилиш ва нормал савдо режимини жорий этиш масаласини Конгрессда кўтардим. Чунки савдо дўстликни мустаҳкамловчи энг самарали воситадир. Ўз тарихида дунё савдо йўлларининг маркази бўлган ва доимо АҚШ билан ҳамкорликка интилиб келган Ўзбекистон каби мамлакат билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш биз учун доимо долзарб вазифа бўлиб қолиши керак", дея таъкидлади Кэрол Миллер.
"Cove Capital" компаниясининг раҳбари Пини Алтхаус ўз навбатида, Ўзбекистоннинг АҚШ иқтисодиёти ва хавфсизлиги учун зарур бўлган муҳим минераллар занжирини таъминлаш, шунингдек, тоза энергия ва технологик етакчиликка ўтишдаги стратегик аҳамиятини юқори баҳолади.
"FLSmidth" компаниясининг катта вице-президенти Петер Флэнеган жаҳон кончилик саноатида Ўзбекистоннинг стратегик аҳамиятини юқори баҳолаб, мис ва муҳим минераллар ишлаб чиқаришни ривожлантиришда мамлакатнинг етакчи ўрнини таъкидлади.
"FLSmidth" компанияси АҚШ билан Ўзбекистон ўртасида мис, литий ва бошқа муҳим минералларни қазиб олиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр", деди Петер Флэнеган.
Америка-Ўзбекистон савдо палатаси (AUCC) ижрочи директори Елена Сон ўз нутқида, бугунги тадбирга Ўзбекистоннинг асл дўстлари йиғилганлигини таъкидлаб, бу Ўзбекистон АҚШда кучли иттифоқчиларга эга эканлигини намойиш этишини билдирди. "Америка-Ўзбекистон савдо палатаси аъзоларининг кўпчилиги АҚШда бўлишса ҳам Ўзбекистон ва АҚШ меҳнат бозорини ривожлантиришга ёрдам берадиган лойиҳа ва ташаббуслар устида мунтазам иш олиб бормоқда. Американинг энг нуфузли, жумладан, "General Motors", "Google", "Apple" каби йирик компаниялар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашда катта ҳисса қўшяпти. Ўзбекистон АҚШ учун иқтисодий соҳада стратегик шерик бўла оладиган давлат", деди AUCC ижрочи директори.