Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 17/08/2016 Кичик бизнес – тараққиёт омили
Кичик бизнес – тараққиёт омили
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Йигирма беш йил... Тарих учун жуда оз муддат. Лекин, ана шу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда оламшумул ўзгаришлар рўй берганлиги ҳақиқат. Истиқлол туфайли ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот инсон учун, унинг манфаатлари учун деган эзгу даъватнинг амалдаги ифодасидир.

Энг аввало, мустақиллик йилларида мамлакатимиз илгариги қолоқ, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифати изчил юксалиб бораётган мамлакатга айланди. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, бугунги кунга келиб, иқтисодиётда саноатнинг улуши 34 фоизга етди, экспортбоп ва рақобатбардош маҳсулотларнинг 70 фоиздан зиёди юқори технологияларга асосланган соҳаларда ишлаб чиқарилаётир.

Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз иқтисодиёти қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар эса 12 баробардан зиёд ошганлиги, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётганлиги, албатта, бутун дунёда “ўзбек модели” деб тан олинган тамойилнинг амалий натижасидир.

Ушбу муваффақиятларга эришишда марказда ва жойларда қулай ишбилармонлик, инвестициявий муҳитни шакллантириш, хусусий мулк устуворлигини таъминлаш, унинг ривожланиши йўлидаги барча ғовларни бартараф этиш, тарихан қисқа давр ичида иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айланган кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, банк тизимини ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар муҳим аҳамият касб этди.

Хусусан, иқтисодиёт ва хўжалик юритувчи субъектлар учун солиқ юкини янада камайтириш, молия бозори барқарорлигини таъминлашга қаратилган тизимли ишларнинг бугунги кундаги амалий натижасини алоҳида эътироф этиш зарур. Таҳлилларга кўра, охирги 15 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун солиқ ставкалари етти баравардан зиёд пасайтирилди. Бир пайтнинг ўзида, фақатгина солиқ юки йилига ўртача 0,43 фоиз камайганлиги эвазига мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги йиллик кўрсаткичининг ўсиши тахминан 0,35 фоизни ташкил этди. Бу, айни пайтда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши 56,5 фоизга етганлигига ҳам катта ҳисса қўшди.

Шу ўринда мамлакатимизда янада қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижаси ўлароқ, глобал молия­вий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётгани, товар бозорларида талабнинг кескин камайиб бораётгани ва конъюнктуранинг беқарорлиги кўпгина давлатларда иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайишига, инвестиция фаоллигининг сусайиши ва четга капитал чиқиб кетишининг кучайишига олиб келаётганига қарамай, Ўзбекистон ҳар йили энг муҳим юқори технологик ва замонавий объектлар ҳамда қувватларни ишга туширишни жадаллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш жараёнларини чуқурлаштиришга қаратилган, илғор маҳаллий саноат сиёсати учун пойдевор бўлган инвестициялар ҳажмини ошириб бормоқда. Ўз ўрнида мазкур инвестициялар иқтисодиётимизнинг жадал ривожига хизмат қилмоқда.

Муҳими, иқтисодиётда амалга оширилган таркибий ўзгаришлар натижасида нодавлат секторнинг асосий капиталга инвестиция қўйил­маларидаги улуши бугунги кунга келиб 1991 йилдаги 24,1 фоиздан 80,9 фоизга ўсган. Айни вақтда, ушбу инвестицияларнинг асосий қисмини саноат корхоналари амалга оширмоқда.

Экспертларнинг таъкидлашича, кичик бизнес субъектларининг саноатдаги улуши 2000 йилда 18,8 фоизни ташкил этган бўлса, бугун бу кўрсаткич 37,3 фоизга етди. Хизмат кўрсатиш соҳаси эса 45,7 фоиздан 59,5 фоизга етди. Бу каби муваффақиятларга тадбиркорларимиз томонидан мамлакатимизда биз учун мутлақо янги бўлган автомобилсозлик, нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, ахборот-коммуникация технологиялари каби соҳа ва тармоқларга асос солингани сабаб бўлаётганлигини мамнуният билан қайд этиш жоиз.

Энг муҳими, мустақилликка қадар юртимизда умуман мавжуд бўлмаган, бугунги кунда эса жамиятимиз ва давлатимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган, жамиятимиз ва давлатимиз ҳаётининг барча жабҳаларини либераллаштириш сиёсати натижасида юзага келган ўрта синф, яъни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиши, аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам ўз улушини қўшмоқда.

Шундай экан, ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ мулк ва тадбиркорликка оид долзарб муаммоларни ҳал этиш, соҳага доир қонунчиликни янада такомиллаштиришни мақсад қилган O`zLiDeP мамлакатимиздаги демократик жараёнларда фаол иштирок этаётган сиёсий куч сифатида бундан буён ҳам ўз электорати манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, сайловчилари олдидаги масъулиятли ва шарафли вазифани адо этиш учун барча имкониятларини ишга солади. Зеро, эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз ўзимизга, мавжуд имкониятлардан қай даражада оқилона фойдаланишимизга боғлиқдир.

Клара Жумамуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг