Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Технологиялар 15/05/2019 “Khan Academy” платформасини маҳаллийлаштириш лойиҳаси учун 50 000 евро тўпланди
“Khan Academy” platformasini mahalliylashtirish loyihasi uchun 50 000 yevro to'plandi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – “Khan Academy Oʻzbek” жамоаси жаҳонга машҳур таълим манбаси бўлмиш “Khan Academy” платформасини маҳаллийлаштириш лойиҳасининг кейинги босқичи учун керакли миқдордаги маблағни йиғишга муваффақ бўлди. Хайрия аксияси ЙТТБдан (Европа тикланиш ва тараққиёт банки) грант олиш учун амалга оширилди. Банк грантни “matching funds” шарти билан таклиф қилган, яъни маълум бир шартлар бажарилганда, бошқа манбалардан йиғилган маблағга тенг маблағ ЙТТБ томонидан берилади.

Ўзбекистоннинг турли вилоят ва шаҳарларида истиқомат қилувчи оддий фуқароларимиз билан бирга хорижий давлатларда яшайдиган юртдошларимиз, ҳатто Ўзбекистонга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган одамлар ҳам лойиҳани қўллаб-қувватлашди. Мамлакатимиз бизнесменлари ҳам улкан ҳисса қўшишди, улардан кўпчилиги савоб умидида номи ошкор этилмаслигини хоҳлашди. Бундан ташқари, хайрия аксиясига Ўзбекистон ва чет эл талабалари ҳам қўшилди. Маблағ йиғишга масъул бўлган “Khan Academy Oʻzbek”  жамоаси Лондон шаҳрида лойиҳани маҳаллийлаштириш ғоясини тарғибот қилиш ҳамда бевосита маблағ йиғиш мақсадида бир қатор тадбирлар ташкил этди.

Хайриялар барча қитъалардан, кўплаб мамлакатлардан келиб, жами хайрия қилганлар сони 720 кишидан ошди! 2019 йил 7 майда тўпланган маблағ 50 000 евродан ошди! Грант бериш шартига кўра шу суммага тенг маблағ ЙТТБ томонидан, тақдим этилган барча ҳужжатлар тасдиқлангандан кейин берилиши кутилмоқда. Ушбу лойиҳа халқимиз давлат тилидаги қўшимча таълим манбалари ривожига нафақат маънавий, балки моддий жиҳатдан ҳам ёрдам беришга тайёр эканини исботлади.

Маълумки, лойиҳа 2019 йилнинг 25 январида, “Билим онлайн” ННТ рўйхатдан ўтиши билан бошланган. Жамғарилган маблағ туфайли лойиҳанинг амалга оширилиши тезлашади. Марказий Осиёда биринчи йирик нодавлат таълим технологиялари лойиҳаси бўлган “Khan Academy Oʻzbek”, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Билдирилган ишонч ва лойиҳанинг аҳамиятини эътиборга олган ҳолда биз маблағдан фойдаланиш самарали ва шаффоф бўлишига жиддий эътибор қаратамиз. Шу муносабат билан қуйидагилар ишлаб чиқилади: 1) пул маблағларидан фойдаланишни тасдиқлаш тартиби; 2) ички аудит тўғрисидаги низом; 3) маблағлардан фойдаланиш бўйича ҳисобот тизими.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг