Кантон ярмаркасига бағишланган халқаро тақдимот-семинари бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 31 июль куни Тошкент шаҳрида Хитойнинг энг йирик ва нуфузли тадбирларидан бири – 138-Кантон импорт ва экспорт ярмаркасига бағишланган халқаро тақдимот-семинари бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов, ишбилармон доира вакиллари, соҳавий уюшмалар, расмий идоралар ва дипломатик ваколатхоналар ходимлари иштирок этди.
Тадбирни Дилшод Расулов кириш сўзи билан очди. У ўз нутқида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланаётганини таъкидлар экан, Кантон ярмаркаси маҳаллий тадбиркорлар учун Хитой бозорига чиқишда муҳим платформа эканлигини қайд этди.
Жаноб Лю Сяомин ўз тақдимотида ярмарканинг тарихи, замонавий формати, иштирок шартлари ҳамда онлайн ва офлайн кўргазмаларда қатнашиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, у Ўзбекистон компанияларини фаол иштирок этишга чорлаб, улар учун алоҳида қулайликлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари мавжудлигини таъкидлади.
Тадбир доирасида икки давлат тадбиркорлари ўзаро фикр алмашиб, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.