Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 18/10/2016 Журналистлар учун амалий семинар
Журналистлар учун амалий семинар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йилнинг 18-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида сайлов кампаниясида иштирок этаётган журналистлар учун амалий семинар ўтказилди.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, Президент сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ҳамда округ сайлов комиссиялари матбуот марказлари ходимлари қатнашди.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари С. Артикова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили У. Муҳаммадиев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов ва бошқалар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилаш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, сайлаш ва сайланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган асосий сиёсий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаб келаётган, демократик стандартларга ҳар томонлама мос бўлган сайлов тизими яратилганини алоҳида қайд этди.

Сайловга бошқа давлат органларининг ҳар қандай аралашувисиз тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни таъминлайдиган мустақил сайлов комиссияларини шакллантиришнинг демократик механизмлари жорий этилди. Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми берилгани ҳамда мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик Комиссия фаолиятининг асосий принциплари сифатида белгилаб қўйилгани бунда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Анжуманда кейинги йилларда сайловларни ўтказиш бўйича мамлакатимизда тўпланган тажриба, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда халқаро кузатувчилар тавсияларини инобатга олган ҳолда Президент сайлови бўйича қонунчилик қоидалари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти янада такомиллаштирилганига эътибор қаратилди. Бундай янгилик ва ўзгаришлар, хусусан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришини таъминлаш кафолатларини кучайтиришда, сайлов комиссиялари фаолиятининг очиқлигини янада кенгайтиришда ўз аксини топди.

Бундан ташқари, қонунчиликда сайловолди ташвиқоти тушунчаси, унинг турлари, шакллари ва усуллари, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши белгилаб қўйилди, сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган имзо варақалари миқдори мамлакатимиздаги жами сайловчилар умумий сонининг камида беш фоизидан бир фоизга камайтирилди, сайловга оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий қилинди.

Амалий семинар давомида оммавий ахборот воситалари вакилларига сайловга тайёргарлик жараёнлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, миллий сайлов амалиётимиз тарихида биринчи бор Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури тасдиқланди.

Бугунги кунда мазкур Дастур асосида сайлов органлари билан бир қаторда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Республика Байналмилал маданият маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан аҳолининг кенг қатлами вакиллари, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган йигит-қизлар, нуронийлар, имконияти чекланган фуқаролар, қамоқда сақлаш жойларида вақтинча сақланаётган шахслар ўртасида ҳуқуқий ва сайлов маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили идорасида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасида “Ишонч телефони” ишга туширилгани ҳам шу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим амалий аҳамиятга эга экани таъкидланди. Фуқаролар “Ишонч телефони” орқали сайлов жараёнига тааллуқли масалалар юзасидан малакали юридик маслаҳат олиши мумкин. Бу восита сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий тадбирдаги фаоллигини юксалтириш, шунингдек, уларнинг сайлов ҳуқуқларини эркин амалга оширишларига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳолатлар мониторингини юритиш ҳамда тезкорлик билан уларнинг олдини олиш чораларини кўриш имконини беради.

Мамлакатимиз фуқаролари юртимиздаги демократик ислоҳотлардан кенг хабардор, улар ўз овози мамлакатимизнинг тинчлиги ва барқарорлиги, давлат ва жамиятимизнинг келгуси тараққиёти учун ғоят катта аҳамиятга эга эканини чуқур англаб етмоқда.

Анжуманда алоҳида қайд этилганидек, ҳозирги пайтда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг барча соҳаларида, жумладан, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 36,8 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Уларнинг 7 нафари комиссия раиси ўринбосари, 5 нафари комиссия котиби. Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг шу кунларда бўлиб ўтаётган сессияларида участка сайлов комиссиялари таркибига киритиш учун тавсия этилаётган номзодларнинг аксарият қисми хотин-қизлардир.

Семинарда сайлов кампаниясини очиқ ва ошкора ташкил қилиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида мамлакатимиз аҳолиси ва халқаро ҳамжамиятни ўз вақтида, кенг хабардор қилиб боришда оммавий ахборот воситалари ҳал қилувчи ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.

Шу маънода, сайлов комиссиялари бу масалада радио ва телевидение, босма ва интернет нашрлари билан фаол ва самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ва округ сайлов комиссиялари матбуот марказларида журналистлар учун зарур шароитлар яратилган. Марказий сайлов комиссияси ва округ сайлов комиссияларининг мажлисларида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда. Бундан ташқари, комиссияларнинг мажлислари бевосита матбуот марказларида, онлайн режимида ҳам ўтказилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Uzreport” ахборот агентлиги ўртасида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш юзасидан имзоланган икки томонлама битимлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Умуман, сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан буён Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида бу мавзуда 4380 тадан зиёд материаллар, шу жумладан марказий ва ҳудудий теле-ва радиоканалларда 1700 тадан зиёд интервью, сюжет ва лавҳалар, даврий нашрларда 1850 тадан ортиқ материаллар, интернет нашрларида 820 тадан зиёд материаллар. Хорижий оммавий ахборот воситаларида эса 600 тага яқин материаллар эълон қилинди. Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 500дан ортиқ вакиллари, округ сайлов комиссиялари томонидан эса 430 тадан зиёд маҳаллий журналистлар аккредитациядан ўтказилди.

Тадбирда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда очиқлик ва ошкораликни таъминлашда сайлов комиссиялари ва журналистларнинг долзарб вазифалари, мамлакатимиз миллий сайлов тизими ҳамда бу борадаги қонунчилик мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш, сайлов кампаниясини ёритишда журналистика жанрлари имкониятларидан, замонавий медиа технологиялардан самарали фойдаланиш, сайлов комиссиялари билан ҳамкорликни янада кучайтириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг