Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 18/03/2019 Жорий йилнинг октабр ойида Вашингтонда Ўзбекистон-АҚШ бизнес форуми бўлиб ўтади
Жорий йилнинг октабр ойида Вашингтонда Ўзбекистон-АҚШ бизнес форуми бўлиб ўтади

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 2019-йилнинг 13-март куни Вашингтон шаҳрида АҚШ бизнес ҳамжамияти вакиллари учун брифинг бўлиб ўтди. Унда компаниялар, ноҳукумат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, АҚШ Савдо вазирлиги, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг АҚШдаги Элчиси Жавлон Вахабов, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм, шунингдек, таниқли мутахассислар Фредерик Старр, Сванте Корнелл ва Мамука Сирателли нутқ сўзладилар.

Иштирокчилар Ўзбекистон иқтисодиётининг сўнгги ютуқларини, жумладан, Лондон фонд биржасида евробондлар жойлаштирилиши, Moody’s, Fitch va S&P каби етакчи кредит агентликлари рейтинглари олиниши, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) таснифи бўйича мамлакат мавқейини ошириш, 2019-йилга мўлжалланган Инвестиция лойиҳасида кўзда тутилган инвестицияларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни муҳокама қилдилар.

Профессор Фредерик Старр Ўзбекистондаги сиёсий ислоҳотлар, республикада оммавий ахборот воситалари ва халқ қабулхоналари тармоғи орқали жамоатчилик назорати механизмлари шаклланиш жараёни, шунингдек, мамлакат ҳаётида парламент ва сиёсий партиялар ролининг мустаҳкамланиши тўғрисида маълумот берди.

Машҳур америкалик эксперт Сванте Корнелл ўз маърузасида Ўзбекистондаги ислоҳотлар бутун минтақадаги ўзгаришларнинг катализатори бўлганлиги ҳақида маълумот берди. Унинг нутқида Марказий Осиёда дўстлик ва ўзаро тушуниш муносабатларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшган Тошкент ташаббусларининг аҳамияти алоҳида қайд этилди.

АҚШ ишбилармон доиралари вакилларида Мамука Сирателлининг Ўзбекистонда иқтисодий соҳадаги ислоҳотларга бағишланган нутқи алоҳида қизиқиш уйғотди. Мутахассис АҚШ компанияларига мамлакатда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берди. У республикада сўнги йилларда тижорат банкларининг халқаро молия институтлари билан ҳамкорлиги сезиларли кенгайгани, мамлакатда Жаҳон савдо ташкилотига киришга қаратилган ислоҳотлар, хорижий инвесторлар билан фаол ҳамкорликни кенгайтиририш орқали ишсизлик даражасини пасайтириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар каби ижобий омилларни Ўзбекистон бозорига киришни истаган компаниялар инобатга олиши зарурлигини қайд этди.

Брифинг якунида Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Каролин Лемм билан жорий йилнинг октабр ойида Вашингтон шаҳрида қишлоқ хўжалиги, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, юқори технологиялар, тиббиёт, транспорт ва бошқа соҳалардаги етакчи АҚШ компаниялар иштирокида Ўзбекистон-АҚШ бизнес форумини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Профессор Фредерик Старр билан АҚШда Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва ўзгаришларга бағишланган брифингларни ташкил этиш амалиётини давом эттириш, хусусан, бундай тадбирлардан бирини АҚШ Конгресси аъзолари учун Капитолий тепалигида ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.

АҚШ Савдо вазирлиги вакиллари билан суҳбатда июн ойида Ўзбекистонга АҚШ компанияларининг савдо миссиясини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. АҚШ компаниялари вакиллари Ўзбекистон бозорида ўзларининг иштирокини кенгайтириш ниятида эканликларини, етакчи халқаро банклар вакиллари эса бу интилишларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини изҳор этдилар.

Манба: ТИВ расмий сайти.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг