Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Спорт 21/03/2019 Жорий йилнинг 19-21 июль кунлари каратэ бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 19-21 июль кунлари каратэ бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Осиё каратэ федерациясининг (ОКФ) Бош менежери Винсент Ченнинг пойтахтимизга қилган бир неча кунлик ташрифи якунланди. Ушбу ташриф давомида меҳмон Тошкентнинг бўлажак Осиё чемпионатини қабул қила олиш салоҳияти ва имкониятлари ҳақида ўрганиб, ўзининг ижобий хулосаларини билдириб кетди.

Мусобақага тааллуқли саналар

Музокаралар давомида бўлажак қитъа чемпионати қайси саналарда бўлиши, ундан олдин ОКФ ташкил қиладиган семинарларнинг ҳам саналарига ойдинлик киритиб олинди. Унга кўра, 15-18 июль кунлари қитъамиз ҳакамлари, мураббийлари, ташкилот ижроқўм аъзолари учун семинар, шунингдек, бу кунлар давомида ОКФнинг навбатдаги Конгресси ҳам бўлиб ўтади. Беллашувлар эса 19-21 июль кунлари ўтказилади. Баҳсларга «Ўзбекистон» спорт мажмуаси мезбонлик қилиши кутилмоқда.

Ғолибга бериладиган рейтинг очколари

Осиё чемпионати каратэ баҳсларида жаҳон чемпионатидан кейин Олимпия ўйинларига энг йирик лицензион очко берадиган мусобақадир. Унда ғолиб чиққан спортчилар 970 рейтинг очкосини қўлга киритади. Таққослаш учун, Премьер лига баҳслари ғолиби 530, А серияда муваффақиятга эришган спортчилар 215 рейтинг очколарига эга бўлишлари мумкин. Шундай экан, Осиё чемпионатида ғолиб чиқиш орқали Токио Олимпиадаси лицензиясини деярли ҳал қилиш имконияти бор.

Вазн тоифалари

Умуман олганда каратэ баҳсларида эркаклар тоифасида 6 та, аёлларда 5 та вазн бор. Осиё чемпионатида ҳам одатий вазн тоифалари амал қилади. Бироқ Халқаро олимпия қўмитаси талабига кўра Токио-2020 да 3 тадан вазн тоифаларида баҳслар бўлади. Яъни, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган вазн тоифаларида рақобат кескин бўлиши кутилмоқда.

Медаллар жамланмаси

Шунингдек, эркаклар ва аёллар ўртасида жамоавий ката беллашувлари ҳам бор. Осиё чемпионати шахсий биринчиликда 11 вазн тоифасида, қолаверса, эркаклар ва аёллар ўртасида жамоавий ката ҳамда кумитэ баҳслари бўйича ўтказилади. Шу тариқа, қитъа биринчилигида жами 15 комплект медаллар жамланмаси ўз эгаларига топширилади.

Олимпиада йўлланмалари

Регламентга кўра, Токиода ҳар бир вазн тоифасида 9 спортчи иштирок этиши мумкин. Бунда биттадан ўринларни мезбон жамоа вакиллари банд қилиб бўлишган. WKF рейтингида энг кучли тўрталикка кира олган спортчилар тўғридан тўғри йўлланма қўлга киритишлари мумкин. Қолган 4 йўлланма эса 2020 йил май ойида Парижда бўладиган мусобақада ўйналади.

Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг