Марказий банкнинг ҳисоботига кўра, жорий йилда Ўзбекистон чет эл мамлакатларига 80 тонна олтин экспорт қилишни режалаштирмоқда. Олтинни тоннада сотиш ҳақидаги маълумот илк маротаба тақдим қилинмоқда. Хусусан, Давлат статистика қўмитаси ўтган йили экспорт қилинган олтин ҳажмини эмас, балки унинг нархини яъни 2,9 млрд доллар эканлигини эълон қилган.
Марказий банк ҳисоботида шунингдек, мамлакатимизда сўнгги 3 йилда экспорт қилинган олтин ҳажми ҳам келтирилган. Унга кўра, 2016 - йилда 70 тонна, 2017 йилда 80 тонна, 2018 йилда эса яна 70 тонна экспорт амалга оширилган.
Ҳисобот прогнозига кўра, бутун дунёда жорий йил олтин нарҳи троя унция учун 1320 долларгача ошиши мумкин. Бу кўрсаткич, 2018 йилда ўртача 1 268 доллар, 2017 йилда 1 258 доллар, 2016 йилда эса 1 248 долларни ташкил қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг 2019 йил 1 январдаги жами ташқи қарзи 17,3 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 1,5 млрдга кўп. Экспертларнинг фикрича Ўзбекистондаги мавжуд олтин захира билан бемалол қарзни қоплаш мумкин.