Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган ҳолда таксичилик қилишига доимий асосда рухсат берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга транспорт-логистика тизимини янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тақдимотида маълум қилинди.
Икки йил олдин жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган ҳолда таксичилик қилишига вақтинчалик рухсат берилган эди. Бунинг натижасида таксичилар сони 6 баробар ошиб, 457 мингга етди. Шу боис энди бу тартиб доимий бўлиши айтилди.
Таксиларга мижоз топишда қулай ахборот хизматлари бозори шаклланди. Ҳозирда 151 та агрегатор компаниялар иш юритаяпти ва бу яна ўсиб бораяпти.
Шу боис агрегаторлар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг давлат, ҳайдовчи ва йўловчилар олдидаги мажбуриятини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди.