Фармон лойиҳаси жорий йилнинг 26 февралидан 13 мартига қадар Интерактив давлат хизматлари ягона порталида жамоатчилик муҳокамасидан ўтган. Муҳокамага қўйилган лойиҳанинг 6-иловасида сиғими 4 йўловчи ўринга мўлжалланган енгил автомобилларга эга бўлган жисмоний шахсларга якка тартибдаги тадбиркорлик шаклида такси хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган эди.
Муҳокама давомида муҳокамада тушган таклифлар, фикрлардан келиб чиқиб лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритилган. Бу жараёнда жисмоний шахсларга якка тартибдаги тадбиркорлик шаклида такси хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини бериш масаласи яна бир бора қўшимча ўрганиб чиқиш учун фармон лойиҳасидан ажратиб олинган. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
Фаолиятни лицензиялаш соҳасидаги шу ва бошқа ўрганиш талаб қилинадиган бошқа масалаларни қўшимча ўрганишни таъминлаш мақсадида фармоннинг 7-бандида тегишли давлат органларига лицензиялаш ва рухсат бериш тартибларини такомиллаштиришда давом этиш ҳақида топшириқ берилди.
Яъни, бу йўналишда ишлар давом этмоқда.