Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг Jiangsu Tonke Real Estate Co., Ltd. компанияси «Янги Наманган» шаҳарчасида умумий қиймати 750 миллион долларга тенг бўлган турар-жой, савдо ва ижтимоий мажмуаларни барпо этишни режалаштирмоқда, деб хабар берди Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Jiangsu Tonke Real Estate Co., Ltd. компанияси президенти, Цзянсу вилояти маслаҳат кенгаши аъзоси Ян Бо бошчилигидаги делегация «Янги Наманган» шаҳарчасига ташриф буюриб, қурилиш учун майдонларни танлади.
9 январь куни TK China town Namangan хорижий корхонаси рўйхатдан ўтказилди.
Ягона давлат реестри маълумотларига кўра, 500 миллион сўм устав фондига эга бўлган мазкур компаниянинг асосий фаолияти турар-жой биноларини қуришдан иборат. Корхонанинг ягона муассиси ва директори Ян Бо ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида 66 гектар майдонда турар-жой мажмуалари, офис, савдо ва сервис инфратузилмалари, болалар боғчаси, мактаб ва масжид қурилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, хитойлик инвесторлар «Наманганмаш» корхонаси фаолияти билан танишиб, Учқўрғон туманидаги DB Group балиқчилик кластери ҳамда Чортоқдаги «Урикзор» кичик саноат зонасига ташриф буюришди.
«Янги Наманган» лойиҳасининг биринчи босқичи доирасида 330 гектар майдонда 8,5 мингта квартирага эга бўлган 184 та уй қурилди. Шунингдек, 145 гектар ерда ташкил этилган кичик саноат зоналарида 10 мингта янги иш ўринлари яратилди.
2022 йил март ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шаҳарчанинг иккинчи босқичи қурилиш лойиҳаси билан танишган эди. Ушбу босқич доирасида 272 гектар майдонда 20 мингта квартирага эга бўлган 171 та уй қурилиши режалаштирилган.