Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 2019 йилнинг 22 март куни Женева шаҳрида (Швейцария), БМТнинг Европа Иқтисодий Комиссиясининг (БМТ ЕИК) барқарор ривожланиш бўйича Минтақавий Форуми доирасида «Инсонлар учун ҳамкорлик: БМТнинг Ўзбекистондаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди» мавзусидаги махсус тадбир ўтказилади. Тадбир БМТ ЕИК кўмагида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Офиси томонидан ташкиллаштирилган.
Тадбирда иштирок этиш учун БМТнинг турли тузилмалари, Женевадаги БМТга аъзо давлатларнинг доимий вакиллари, дипломатик корпус ва Форумнинг бошқа иштирокчилари таклиф этилган.
Учрашув доирасида муҳокама қилинадиган муҳим мавзулар орасида - Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси ва БМТнинг кўмагида яқинда ташкил этилган Ўзбекистондаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармасининг мақсад ва вазифалари тақдимоти, унинг дастурий ва амалий фаолияти, ҳамда мазкур мавзуда ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантиришдан иборат.
Ўтган йилнинг 27 ноябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бош Ассамблеясининг 73- сессиясида Траст жамғармаси фаолияти расман бошланди. Мазкур жамғарма БМТнинг жамоавий молиялаштиришнинг механизмларидан биридир, у бутун жаҳондаги 50дан ортиқ мамлакатнинг экологик, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар муаммоларни ҳал қилишда ўзининг самарадорлигини намоён этди.
Траст жамғармаси Оролбўйи ҳудудида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга йўналтирилган, ҳамда Барқарор ривожланишнинг глобал мақсадларига эришиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини илгари суриш бўйича тадбирларни амалда бажариш учун халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва донор ҳамжамиятларининг маблағларини жалб этиш бўйича ягона платформани яратишга мўлжалланган. Ундан ташқари, Траст жамғармаси Оролбўйи минтақасига, уни барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида, янги билимлар, инновацион ечимлар ва технологияларни жалб қилишга кўмаклашади, натижада у экологик инновациялар ва технологияларнинг ўзига хос «хаб»и бўлиши мумкин.
2019 йилнинг 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор тасдиқланди, у Жамғармани самарали фаолиятини таъминлаш учун қулай институционал, ҳуқуқий ва молиявий муҳитни яратиш бўйича қатор амалий чора-тадбирларни назарда тутган.
Бугунги кунга келиб Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан Траст жамғармасига 6,5 миллион доллар миқдорида ҳисса қўшиш ҳақида қарор қабул қилинган, унинг 2,0 миллион доллари Траст жамғармасининг Нью-Йоркдаги ҳисоб варақасига ўтказиб бўлинди.
2019 йилнинг март ойи охиригача Норвегия ҳукуматининг қарийб 1,2 миллион доллар миқдоридаги биринчи траншини олиш кутилмоқда. Шунингдек, Япония, Европа Иттифоқи, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа қатор донор мамлакатлар Жамғармада иштирок этишга қизиқиш билдиришмоқда.