Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Муан аэропортида самолёт учиш-қўниш йўлаги ҳудудидан чиқиб кетиб, тўсиққа урилиб ҳалокатга учради. Yonhap агентлигининг маълум қилишича, бортида 181 киши бўлган ҳаво кемасидан фақат икки киши тирик қолди, деб хабар беради DW.
Жанубий Кореянинг Муан вилоятида Jeju Air авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти нохуш қўниш натижасида ҳалокатга учради, бунинг натижасида камида 179 киши ҳаётдан кўз юмди. Бангкокдан келган ҳаво кемаси учиш-қўниш йўлагида йўналишдан чиқиб кетиб, тўсиққа урилгани ҳақида 29 декабрь, якшанба куни Reuters агентлиги хабар берди.
MBC маҳаллий телеканали томонидан берилган видеоматериалларга асосланиб, AFP агентлиги самолётнинг қўниш вақтида двигателларидан тутун чиққанини, шундан сўнг ёнғин ҳаво кемасини қамраб олганини маълум қилди. Бошқа манбаларга кўра, ёнғин аввал ҳаво кемасининг орқа қисмида пайдо бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокатнинг сабаби қўниш вақтида самолётнинг қушлар билан тўқнашуви бўлган. Бунинг оқибатида шассилари ишламаган ва ҳаво кемаси назоратсиз ҳолда учиш-қўниш йўлаги бўйлаб “силиб кетган”.
Самолёт бортида 181 киши, жумладан, 175 йўловчи ва олти экипаж аъзоси бор эди. ОАВ маълумотларига кўра, йўловчиларнинг 173 нафари Жанубий Корея фуқароси, иккита йўловчи эса Таиланд фуқаролари эди. Yonhap агентлигининг миллий ёнғин хизматига таяниб хабар қилишича, фақат икки киши тирик қолган. Дастлабки маълумотларга кўра, омон қолганларнинг бири экипаж аъзоси, иккинчиси эса йўловчи.
Аввалроқ ҳаво кемасининг орқа қисмидан жой олган йўловчилардан камида 29 нафари ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик ҳукумат 62 кишининг ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Жанубий Кореянинг вақтинча президенти вазифасини бажарувчи Чҳве Сан Мок вазият юзасидан фавқулодда штаб тузишни буюрди. Бу мамлакатда давом этаётган сиёсий инқироз туфайли ўз лавозимидан четлатилган Хан Док Сунинг ўрнига вақтинча раҳбар сифатида тайинланган эди.
Муан аэропортида барча ички ва халқаро рейслар бекор қилингани ҳақида Yonhap хабар берди. Аэропорт Сеулдан 288 км масофада жойлашган.