Пайшанба куни ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Агросаноат мажмуаси (МДҲ АСМ) масалалари бўйича ҳукуматлараро кенгашининг йиғилишида кун тартибига қўйилган биринчи вазифалардан бири, бу АСМ МДҲ масалалари бўйича ҳукуматлараро кенгаш раисини сайлаш масаласи бўлди. Кенгаш Низомига мувофиқ, кейинги муддатга Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев тайинланди.
МДҲ АСМ масалалари бўйича Ҳукуматлараро кенгашининг йиғилиши Арманистон, Белорусия, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлари ва вазир ўринбосарлари иштирокида бўлиб ўтди.
МДҲ агросаноат мажмуаси масалалари бўйича ҳукуматлараро кенгаш 1993 йил 29 мартдаги Агросаноат мажмуаси соҳасидаги давлатлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси 2018 йилнинг 26 июлида Кенгаш фаолиятига тўлақонли аъзо сифатида қўшилган. Ҳар бир аъзо давлат вакили ротация тамойили асосида навбат билан бир йиллик муддатга Кенгашга раислик қилади.
Сўнгра МДҲ АСМ масалалари бўйича ҳукуматлараро кенгаш йиғилиши доирасида бир қатор масалалар, жумладан Жамшид Ходжаев томонидан кўтарилган МДҲнинг аъзо давлатлари ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кириш тартибларини соддалаштириш масаласи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири таъкидлаганидек, МДҲ давлатлари билан савдо-сотиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда етакчи ўринни эгаллайди ва кўп йиллар давомида жадал суръатларда ўсишни намойиш этмоқда.
«Маҳсулотларимизнинг 70-80 фоизга яқини Ҳамдўстлик давлатларига йўналтирилади. Ўзбекистонда етиштириладиган узум, карам, помидор, ўрик, олма, хурмо ва бошқа 37 турдаги мева-сабзавот учун МДҲ давлатлари асосий харидор ҳисобланади. Шу билан бирга, Ҳамдўстлик мамлакатларидаги баъзи озиқ-овқат маҳсулотларининг бозорларда керагидан ортиқ бўлиши ёки етишмовчилигининг олдини олиш учун иштирокчи давлатларнинг экинларни етиштириш ҳажми тўғрисида аниқ маълумотлар алмашиш бўйича саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳимдир», - таклиф киритди Жамшид Ходжаев йиғилиш қатнашчиларига.
Шунингдек, у квоталашдан қочиш зарурлигини, бу МДҲ мамлакатлари бозорларини агромаҳсулотлар билан ўзаро барқарор савдо қилиш учун очиқ ва эркин қолишига имконият яратишини таъкидлаб ўтди. Вазирнинг сўзларига кўра, экспортга чекловлар қўйилиши сабабли савдо-сотиқдаги узилишлар қатор ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошишига олиб келиши мумкин.
Сўзининг охирида Ходжаев МДҲ АСМ масалалари бўйича ҳукуматлараро кенгашга аъзо давлатларга МДҲ давлатларининг барча улгуржи омборлари ва агрологик марказлари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ягона техник стандарт ёки озиқ-овқат улгуржи-логистика марказлари фаолияти учун регламент яратишни таклиф қилди.
«Бу, шубҳасиз, озиқ-овқат бозорларида муттасил пайдо бўлаётган тақчилликка тезкорлик билан таъсир кўрсатишга ва Ҳамдўстлик барча мамлакатларининг озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга имкон беради», - таъкидлади вазир.
Жамшид Ходжаевнинг нутқидан сўнг МДҲ Агросаноат мажмуаси масалалари бўйича ҳукуматлараро кенгаш МДҲга аъзо давлатлар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кириш тартиб-таомилларини соддалаштириш юзасидан тегишли Режани тайёрлаш бўйича 2021 йил 1 мартгача таклифлар юборишни Кенгаш аъзоларига тавсия қилди. Режа лойиҳасини кенгашнинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқиш режалаштирилган.
ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Медиа-ахборот маркази томонидан тайёрланди