Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 11/10/2024 Жамият фаолиятининг 2024 йил 9 ойлик натижалари таҳлили ҳамда 2025 йилга пухта ҳозирлик кўриш бўйича кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Жамият фаолиятининг 2024 йил 9 ойлик натижалари таҳлили ҳамда 2025 йилга пухта ҳозирлик кўриш бўйича кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йил 9 октябрь куни «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов раҳбарлигида Жамият фаолиятининг 2024 йил 9 ойлик натижалари таҳлили ҳамда 2025 йилга пухта ҳозирлик кўриш бўйича кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда Жамият ижро аппарати ходимлари, тизим корхона ва ташкилотлари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда Жамият ва тизим корхоналарида жорий йилнинг 9 ойи давомида белгиланган режавий кўрсаткичлар асосида амалга оширилган ишлар самарадорлиги, эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий жиҳатдан кўриб чиқилди.

Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов қатор йўналишлар бўйича эришилган натижаларга тўхталиб ўтар экан, барча ютуқлар ўзимизники эканлиги, лекин хато ва камчиликлардан алсо кўз юмиб бўлмаслигини, айниқса, энергия ҳосил қилувчи корхоналарга яратиб берилган қулай шароит ва кенг имкониятлардан унумли фойдалана олмаган ҳамда белгиланган режавий кўрсаткичларни бажара олмаган раҳбарларни қаттиқ огоҳлантириб, уларни йил якуни билан ўз лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш зарурлигини билдирди.

Таҳлилларга кўра, жорий 9 ойликда белгиланган режа кўрсаткичларни бажаришда айрим соҳалар бўйича масъуллар томонидан қатор камчиликларга йўл қўйилган.
Жумладан, ҳисобот даврида инвестиция лойиҳалари доирасида қурилиш-монтаж ишлари, сув омборлари хавфсизлиги ва модернизацияси, асосий фаолиятдан ташқари қўшимча даромад ҳамда айрим акциядорлик жамиятлари бизнес режа кўрсаткичлари бажарилмаган. Шу билан бирга, лойиҳа ишларини ҳамда объектларни Давлат ва Ишчи қабул комиссияларини расмийлаштириш ишлари ҳам ортда қолмоқда.

Йиғилишда энергия ҳосил қилувчи тизим корхоналарининг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари таҳлил қилинди.

ГЭС ва Каскадлар томонидан 2024 йил январь-сентябрь ойларида 6 482 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, режа 108%га, ўтган йилга нисбатан эса 116 %га бажарилди.

Умумий кесимда режавий кўрсаткичлар бажарилган бўлса-да, бироқ, ҳисобот ойида Самарқанд ГЭСлари каскади (89%), Андижон ГЭС (96%), Оҳангарон ГЭС (89%), Ҳисорак ГЭС (82%) ва Қамчиқ ГЭС (96%) томонидан электр энергия ишлаб чиқариш режавий кўрсаткичлари бажарилмаган.

Таҳлилий натижаларга кўра, қуйидаги ГЭСлар томонидан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ишлаб чиқариш кўрсаткичи 72 млн кВт.соатга кам ишлаб чиқарилган. Жумладан:

1. ГЭС-2Б (Самарқанд) – 18,1 млн кВт.соатга кам;

2. Оҳангарон ГЭС – 8 млн кВт.соатга кам;

3. ГЭС-23 (Қуйи Бўзсув) – 5,7 млн кВт.соатга кам;

4. Қамчиқ ГЭС – 2,5 млн кВт.соатга кам;

5. ГЭС-11 (Қодирия) – 2,4 млн кВт.соатга кам.

Бу эса, ўз навбатида, ўрнатилган қувватлардан фойдаланиш коэффициенти (КИУМ) кўрсаткичига салбий таъсир қилган.

Ҳисобот даврида КИУМ ўртача – 45%ни ташкил этган. Бу сўнгги йиллар билан солиштирганда энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Шу билан бирга, қуйидаги ГЭСларда КИУМ ўртачага нисбатан тушиб кетган.

Хусусан:

1. ГЭС-3Б микроГЭС (Самарқанд) – 28%, Ургут ГЭС – 12% ва Шаудар ГЭС – 30%;

2. Олтинкўл микроГЭС (Шаҳрихон) – 10% ва Водил микро-ГЭС – 15%;

3. Эртошсой ГЭС (Оҳангарон) – 26%;

4. Ҳисорак ГЭС – 21%.

ГЭСларнинг ўртача фойдали иш коэффициенти (ФИК) 90-95 фоизни ташкил этган бўлса, қуйидаги ГЭСларда ФИК кўрсаткичлари лойиҳа қувватига нисбатан анча паст коэффициентни ташкил этган.

Жумладан, Самарқанд ГЭСлар каскади корхонаси таркибидаги қарийб барча ГЭСлар лойиҳа доирасидаги белгиланган ФИКга чиқмаган, ўртача ФИК – 70 %ни ташкил этиб, ўрнатилган қувватларга нисбатан – 16 %га тушиб кетган.

Шунингдек, Шаҳрихон ГЭС таркибидаги Олтинкўл микроГЭС (75% – 17%га кам) ва Водил микроГЭС (72% – 17%га кам), Оҳангарон ГЭС таркибидаги Эртошсой ГЭС (78% – 17%га кам) фойдали иш коэффициенти кескин тушиб кетган.

Йиғилишда микроГЭСлар фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Айтиш жоизки, микроГЭС лойиҳаларини амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад, мавсумнинг сув кам ёки танқис бўлган вақтларида, электр энергияси ишлаб чиқаришнинг узлуксизлиги ва барқарорлигини сақлаб қолиш кўзда тутилган.

Бироқ, бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар кутилган натижани бермаяпти, дейиш мумкин.

Шунингдек, йиғилишда 2024 йил 9 ойи давомида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича қоидабузарликка йўл қўйилган. Бу ҳолатлар – «Ҳисорак ГЭС» (Ф. Қурбонов), «Самарқанд ГЭСлар каскади» (Б. Пирмухаммедов), «Андижон ГЭС» (М. Нуриддинов), «Оҳангарон ГЭС» (И. Рахмонов), «Ўрта Чирчиқ ГЭС» (А. Олимов) ҳамда «Чирчиқ ГЭСлар каскади» (А. Шодмонов) да кузатилган. Мазкур корхоналар раҳбарлари ва масъул ходимлари жиддий огоҳлантирилиб, бу ҳолатларни олдини олиш бўйича зарурий топшириқлар берилди.

«Яшил макон» умуммиллий дастури доирасида ҳудудларда ободонлаштириш чора-тадбирларини амалга оширилишида ҳам камчиликлар кузатилмоқда.

Жамият тегишли буйруғига асосан белгиланган барча тадбирлар жорий йилнинг июнь ойига қадар (4 ой олдин) тўлиқ якунланиши белгиланган бўлсада, барча тегишли маблағлар ўз вақтида молиялаштириб берилганлигига қарамасдан корхоналар раҳбарлари эътиборсизлиги боис, «Ўрта Чирчиқ ГЭСлар каскади» (А. Олимов), Шаҳрихон ГЭСлар каскади (Т. Ахмедов), «Оҳангарон сув омбори» (И. Рахмонов), Қамчиқ ГЭС (Ж. Холбоев) томонидан ҳозирга қадар суғориш тизимини ўрнатиш ишлари тўлиқ якунига етказилмаган.

Энг ачинарлиси, корхоналарда доимий сув бўлишига қарамасдан, экилган кўчатларнинг қуриб қолиш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда.

Йиғилишда йил якунига қадар 3 ойдан камроқ вақт қолганлигини инобатга олиб, нафақат 2024 йил 4-чорагини, балки 2025 йил учун истиқболдаги режаларни белгилаш ва уларни амалга ошириш мақсадида ҳозирданоқ замин яратиш муҳимлигини инобатга олиб, қатор масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича зарурий топшириқлар берилди.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг