Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Туризм 27/03/2019 Жаҳонга машҳур Le Petit Futé қўлланмасида Ўзбекистон туризми
Жаҳонга машҳур Le Petit Futé қўлланмасида Ўзбекистон туризми

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Испанияда Ўзбекистонга бағишланган жаҳонга машҳур Le Petit Futé қўлланмаси чоп этилди. Ушбу гид лойиҳаси Испаниянинг Alhena Media ҳамда Франциянинг Le Petit Futé нашри билан ҳамкорликда, Ўзбекистоннинг Мадрид шаҳридаги элчихонаси кўмагида амалга оширилган.

Испан тилидаги қўлланма 80 минг нусхагача нашр этилади. Нашрнинг 336 саҳифасида Ўзбекистон, унинг тарихи ва буюк алломалари, маданияти, санъати, анъаналари, спорти, шунингдек, сиёсати ва иқтисодиёти, аҳолиси, ошхонаси ва миллий ўйинлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилган.

Нашрда барча маълумотлар кўп сонли ранг-баранг иллюстрациялар билан бирга узатилган. Ундан сўзлашув қўлланмаси, вилоят ва шаҳарлар харитаси ҳам ўрин олган. Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш қилувчи қўлланма юртимизга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар оқимини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Нашрда Ўзбекистон ўз тарихий мероси, қадимий анъаналари ва урф-одатларини яхши сақлаб қола олгани таъкидланади. "Айнан бой ўтмиш сеҳри энг сирли афсона ва жумбоқларни кашф қилиш истаги бўлган замонавий сайёҳни ўзига жалб қилади", - дейилади қўлланмада.

Китобда Ўзбекистон буюк империялар (Искандар Зулқарнайндан то Чингизхон ва Темурланг империялари)нинг туғилиши, зиддиятлари ва ҳалокатининг гувоҳи бўлганлиги қайд этилган.

Ўзбекистоннинг замонавий ривожига келсак, Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатда катта ўзгаришлар рўй берди, иқтисодий ва ижтимоий соҳалар фаол ривожланмоқда, қўшни мамлакатлар ва узоқ хорижий давлатлар билан икки томонлама муносабатлар кенгаймоқда.

Ушбу қўлланма Ўзбекистонга саёҳатни режалаштираётган туристлар учун кўп саволларга жавоб топишга ҳамда сафарни ташкиллаштиришга ёрдам беради.

Маълумот учун: Le Petit Futé — 1976 йилдан бери нашр этилувчи қўлланмалар серияси. Бугунга келиб серияда 400 дан ортиқ китоб тақдим этилди. Қўлланмалар шаҳарлар, ҳудудлар, мамлакатлар ҳамда мавзулар бўйича бир неча тоифага бўлинади. Le Petit Futé дунёнинг турли тилларида чоп этилади. Ҳар куни сайёҳларга 189 мамлакатдаги 800дан зиёд йўналиш бўйлаб ҳамроҳлик қилувчи 4 янги қўлланма пайдо бўлади.

Манба: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий сайти.  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг