Валюта курслари 23/06/2025
$1 – 12496.94
UZS – -0.5%
€1 – 14405.22
UZS – -0.05%
₽1 – 159.38
UZS – -0.49%
Қидириш
Молия 14/05/2025 Жаҳон банки вакиллари билан давлат харидлари соҳасида салоҳиятни ошириш масалалари муҳокама қилинди

Жаҳон банки вакиллари билан давлат харидлари соҳасида салоҳиятни ошириш масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 13 май куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Жаҳон банкининг делегацияси, хусусан, Марказий Осиёдаги харидлар гуруҳи раҳбари Камрул Хасан бошчилигидаги экспертлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувда давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш, соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш, малака ва тажриба алмашиш каби устувор йўналишлардаги ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув марказини замонавий “Давлат харидлари соҳасида маҳорат маркази” сифатида ривожлантириш, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларда давлат харидларига масъул ходимларни мунтазам ўқитиш ва қайта тайёрлаш тартибини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш масаласи бўйича фикр алмашилди.

Лойиҳада таълим муассасалари билан ҳамкорликда давлат харидлари соҳасида бакалавр ва магистратура йўналишларини ташкил этиш, шунингдек, қисқа муддатли курслар орқали сертификатлаш тизимини йўлга қўйиш, махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқиш масалалари кўзда тутилган.

Бу эса мамлакатда давлат харидлари соҳасида малакали мутахассислар захирасини яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, учрашув давомида Жаҳон банки билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари томонидан «яшил» мезонлар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш мақсадида давра суҳбатлари, семинарлар ва кўргазма-ярмаркалар ташкил этиш, давлат харидларида бошланғич нархни аниқлаш тартибини ишлаб чиқиш электрон тизимини жорий этиш лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинди.

Мазкур лойиҳалар учун чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади ва Жаҳон банки томонидан халқаро тажрибага эга консультантлар жалб этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг