Меморандум доирасида томонлар бир қанча йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштиришмоқда. Шундай йўналишлардан бири Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг банкда амалиёт ва суҳбатдан ўтган иқтидорли талабалари учун грантлар дастури бўлади.
Шу билан бирга, банк IUT талабаларининг банк соҳаси учун ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларини ишлаб чиқаришда ва жорий этишдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш имкониятини ўрганиб чиқади.
IUT ва “Ҳамкорбанк” АТБ талабаларни банк соҳаси учун дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган қўшма лойиҳани ишга туширишни режалаштирмоқдалар.
Томонлар шунингдек, банк соҳасида инновацион ечимларни татбиқ этиш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш, мобил банкинг ва интернетни ривожлантириш, банк фаолиятида бизнес-жараёнларни оптималлаштириш ва бошқарув ечими сифатларини ошириш мақсадида бизнес жараёнлар реинжиниринги (BPR) бўйича услубиётларни жорий этиш ва BI-тизимларни (Business intelligence) татбиқ этиш борасида ҳам ҳамкорлик қилишади.
Икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида банк соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини комплекс татбиқ этиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича банк ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш йўналишини кўрсатиш мумкин.
Ўқитиш дастури мазкур соҳадаги етакчи мутахассис-амалиётчилар орасидан танлаб олинган тажрибали маърузачи ва мураббийларни жалб этган ҳолда ташкиллаштирилади. Ўқув дастури, шунингдек, тизимли таҳлил кўникмаларини, банк IT-лойиҳаларини татбиқ этиш ҳамда ахборот тизимларини лойиҳалаштиришда муддат ва ресурс чекловларини инобатга олиш малакасини шакллантиришга қаратилган.