Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 06/09/2016 IUT ва “Асака” АТБ ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолашди
IUT ва “Асака” АТБ ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва “Асака” акциядорлик тижорат банки бугун ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолашди.

Имзолаш маросими икки ташкилотнинг вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети биносида бўлиб ўтди. Меморандумни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Шерзод Шерматов ва “Асака” акциядорлик тижорат банки Бошқарув раиси Азим Ахмедхаджаев имзолашди.

Меморандум доирасида томонлар бир қанча йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштиришмоқда. Шундай йўналишлардан бири Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг иқтидорли талабалари учун грантлар дастури бўлади. “Асака” акциядорлик тижорат банки Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг иқтидорли талабалари учун бакалавриат ва магистратурадаги ўқишлари давомида грантлар тақдим этади.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда “Асака” акциядорлик тижорат банки университет талабаларини жалб этган ҳолда банк фаолиятини ривожлантириш ва тарғиб этишга йўналтирилган дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда кейинчалик янада такомиллаштиришга, талабаларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга келишиб олишди.

Томонлар шунингдек, банк соҳасида инновацион ечимларни татбиқ этиш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш, мобил банкинг ва интернетни ривожлантириш, банк фаолиятида бизнес-жараёнларни оптималлаштириш ва бошқарув ечими сифатларини ошириш мақсадида бизнес жараёнлар реинжиниринги (BPR) бўйича услубиётларни жорий этиш ва BI-тизимларни (Business intelligence) татбиқ этиш борасида ҳам ҳамкорлик қилишади.

Икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида банк соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини комплекс татбиқ этиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича банк ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш йўналишини кўрсатиш мумкин.

Ўқитиш дастури мазкур соҳадаги етакчи мутахассис-амалиётчилар орасидан танлаб олинган тажрибали маърузачи ва мураббийларни жалб этган ҳолда ташкиллаштирилади. Ўқув дастури, шунингдек, тизимли таҳлил кўникмаларини, банк IT-лойиҳаларини татбиқ этиш ҳамда ахборот тизимларини лойиҳалаштиришда муддат ва ресурс чекловларини инобатга олиш малакасини шакллантиришга қаратилган.

“Асака” акциядорлик тижорат банки Бошқарув раиси Азим Ахмедхаджаев деди: “Биз Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорликдаги лойиҳалардан мамнунмиз. Биз банк бизнесида татбиқ этиш учун янги дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг устуворликларини кўрмоқдамиз. Албатта, бунда талабаларнинг университетда ўқиш давомида олган билимлари қўл келади. Биз университетдаги иқтидорли ва фаол талабаларни нафақат тақдим этилаётган таълим грантлари, балки бўлажак мутахассисларга ўз ғоя ва инновацион ечимларини амалий синаб кўришлари учун имконият яратаётганимиздан хурсандмиз”.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Шерзод Шерматов деди: “Биз Ўзбекистоннинг етакчи молия муассасаларидан бири билан ҳамкорлик ўрнатганимиздан мамнунмиз. Ўйлайманки, мазкур ҳамкорлик икки томон учун ҳам манфаатли бўлади. Иқтидорли талабалар бепул таълим олиш билан бирга “Асака” банки билан ҳамкорликдаги лойиҳаларда иштирок этиш орқали амалий тажриба орттиришади. Ўз навбатида банк ўз фаолияти учун ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида тайёр ечимларга эга бўлади”.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг