2016-йилнинг сентябрь ойида “DaVinci Solutions” компанияси Тошкент шаҳридаги Инҳа Университети (IUT)нинг бир нафар талабасига грант топшириши тўғрисида маълум қилганди. Грант талабларига кўра, IUT талабалари “DaVinci Solutions” компаниясига ҳужжатлар топширишлари керак эди.
Компания вакиллари энг зўр номзодларни танлаб олишди ва улар билан интервью ўтказишди. Якуний босқичда 4 нафар финалчилар ўзлари тўғрисида тақдимот қилишлари лозим эди.
Танлов якунларига кўра, IUT нинг 3-босқич талабаси Азиз Сияев “DaVinci Solutions” компаниясининг грантини қўлга киритди.
2016-йилнинг 9-ноябрь куни “DaVinci Solutions” компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Ҳилола Сулейманова Азиз Сияевга грантни олиш учун сертификат топширди.
Мазкур тадбир доирасида “DreamJob School” лойиҳаси қатнашчиларини ҳам тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Қайд этамиз, 2016-йилнинг апрель ойида “DaVinci Solutions” компанияси “DreamJob School” лойиҳасини ўтказди. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – талабаларга бу ҳаётда ўзларини топиш ва ўз орзусидаги карьерасини қуришга кўмаклашишдир.
“DreamJob School” ўзига хос лойиҳа бўлиб, талабаларни реал шароитларда ишлашга тайёрлашга қаратилган. 4 та маъруза давомида талабалар иш қидириш, интервьюдан ўтиш, резюмени тузиш, карьерани режалаштириш ва бошқа кўпгина нарсалар тўғрисида билим ва кўникмаларни олдилар.
“DreamJob School” қатнашчилари лойиҳани тугатганликлари тўғрисидаги сертификатларни “DaVinci Solutions” компания вакилларидан қабул қилиб олдилар.