4 декабрдан 10 декабргача дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатларида “Дастурлаш соати” акцияси бўлиб ўтди. “Дастурлаш соати” - ҳар бир ўқувчи ва талабанинг ўз қобилиятларини намойиш этишлари, АТ соҳасидаги бошланғич билимларни олишлари, дастурларнинг асосларини ўрганишлари ва келажакда қайси касб танлашга қарор қилишлари учун имкониятдир.
Бу йил мазкур акция биринчи маротаба Ўзбекистонда ташкил этилди. Лойиҳа Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан ўтказилиб, уни “Microsoft” корпорацияси, БМТТД ва “CodeCraft” лойиҳаси қўллаб-қувватлашди.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари машҳур “Minecraft” ўйинига асосланган “Hero`s Journey” (“Қаҳрамон йўли”) ни дастурлашни ўрганиш учун учта дарс сессиясини ўтказишди.
“Microsoft” корпорацияси муҳандислари болажонларга информатика асосларини осон ва тушунарли тилда ўрганишлари учун мазкур дастурни тайёрладилар. Ундан дарс вақтида, синф соатларида ва уй вазифаларини бажаришларида фойдаланишлари мумкин.
Акциянинг барча иштирокчилари бир соат давомида “Hero`s Journey”нинг бир қанча даражаларини босиб ўтишди ҳамда танлов якунларига кўра сертификат, шунингдек, “Minecraft” ўйини қаҳрамонлари акс этган махсус стикерларни қўлга киритишди.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бабаходжаев қайд этди: “Биз “Дастурлаш соати” акциясини ўтказганимиздан хурсандмиз. Болажонларнинг технологик саводхонлигини ошириш ҳамда уларни дастурлашнинг жозибадор оламига жалб этишнинг нақадар муҳимлигини ҳис қиламиз. Мазкур акция болажонларга ёққанлигидан хурсандмиз, уларнинг кўпчилиги ҳатто уйларига кетишни ҳам исташмади”.
“Шундай акциялар орқали биз ахборот технологияларига меҳр уйғотишимиз мумкин. Бу эса ўз навбатида болаларни дастурлашнинг турли тилларини чуқурроқ ўрганишларига туртки бўлади ва улар келажакда Ўзбекистоннинг IT-саноати ривожига ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин бўлади”, - қўшимча қилди ректор.
Ширин Абдуллаева, 5-синф ўқувчиси, қайд этди: “Мен “Minecraft”да дастурлаш мумкинлигини билмаган эканман. Бошқариш қийин эмас, ҳамда завқ бағишлар экан!”
“Мен ўйиннинг барча даражаларидан ўтганимдан хурсандман! Ўсиб, улғайганимда қаҳрамонлар тўғрисида ўз ўйинимни яратаман!!!”, - деди Нурмуҳаммад Нуримов.
Авваллари информатика фанидан сабоқ берган Фарҳод Пўлатов, маҳорат дарсларига қизчасидан ҳам каттароқ қизиқиш билдирди. Педагог сифатида у дарсларнинг ўйин тарзида ўтказилиб, юқори малакали мутахассислар томонидан бир нафасда ўтилганини, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан барча шароитлар яратиб берилганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
“Дастурлаш соати”га бағишлаб, машҳур “Minecraft” ўйинига асослаб чиқарилган “Hero`s Journey” (“Қаҳрамон йўли”) деб номланган ўйин қўлланмаси – таълимнинг келажагидир! Ўйин тарзидаги ноанъанавий таълим жараёни болажонларни ўзига қизиқтириб, уларни тўлиқ ўзига жалб этади. Болаларни чўчитмасдан ўйин жараёнига жалб қилинади, қолганини эса уларнинг ўзлари тортиб кетишади – бу ҳақиқий таълим жараёнидир”, - қайд этди у.