Жумладан, “Компьютер инжиниринг” ва “Дастурий инжиниринг” йўналишлари бўйича 250 нафар талаба, ҳамда янги логистика йўналишига 80 нафар талабани қабул қилади.
Ш.Шерматовнинг қайд этишича, янги ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги Инҳа университети логистика бўйича янги йўналиш очмоқда.
Ушбу йўналишни муваффақиятли якунлаган мутахассислар логистика жараёнларини бошқариш – логистика компаниясини тузишдан то унинг фаолиятини юритишга қадар бўлган барча билимларни эгаллайдилар.
Факультетнинг янги ўқув дастури халқаро логистика, маҳсулотларни етказиб бериш тизимини бошқариш, юк ташиш, авиа ва темир йўл транспортини бошқариш тизими, бизнес жараёнларни бошқариш, ресурсларни режалаштириш ҳамда бошқариш ва бошқа профессионал модуллар асосида қурилган.
Битирувчилар нафақат халқаро ва маҳаллий компанияларда иш топа оладилар, балки логистика бўйича ўзларининг бизнесларини ҳам юритишлари мумкин.
Ҳозирги кунга келиб, университет томонидан мажбурий ва факультатив бўлган ўқув дарслари ишлаб чиқарилди. Улар билан университетнинг сайтида танишиш мумкин.
Янги факультетга кириш имтиҳонида математикадан имтиҳонни муваффақиятли топширган ҳамда камида 6 баллик IELTS сертификати ёки 75 баллик TOEFL сертификати мавжуд бўлган талабалар қабул қилинади.
Факультетда ўқиш контракт асосида бўлади. Шунингдек, кириш имтиҳони натижаларига кўра 5 нафар энг яхши талабалар биринчи ўқув йилининг биринчи семестри учун ўқиш тўловидан бутунлай ёки эллик фоизга озод этилади. Бундай имтиёзлар биринчи семестрни энг юқори баллар билан тамомлаган дастлабки беш нафар талабаларга ҳам берилади. Шу билан бирга, манфаатдор корхоналар томонидан кейинчалик ишлаб бериш шарти билан талабаларнинг ўқиши учун мақсадли грантлар ажратилиши мумкин.