Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Молия 02/05/2017 ИТБ Ўзбекистонга 300 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди
ИТБ Ўзбекистонга 300 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йил 28 апрель куни Тошкент шаҳрида 300 миллион АҚШ доллари қийматидаги маблағларни жалб этиш мақсадида “Ислом тараққиёт банки” ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Молиявий келишувлар имзоланди.

Мазкур келишув орқали “Ислом тараққиёт банки” билан ҳамкорликнинг мантиқий давоми сифатида “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш” Лойиҳасининг 2-босқичини амалга оширишга киришилмоқда.

“Ислом тараққиёт банки” молиявий маблағлари Ўзбекистон Республикасига 15 йилга, 2 йиллик имтиёзли муддат билан ажратилмоқда. Ушбу Молиявий келишувларга асосан 2017-2021 йилларда Республикамизнинг 6 та вилоятида янгиланган типдаги лойиҳалар асосида 6400 дан ортиқ уй-жой, 110.52 км кириш ва ички йўллар ҳамда 197.80 км ичимлик сув тизими қурилиши белгиланган бўлиб, бу ўз навбатида 30000 га яқин қишлоқ аҳолисига замонавий ва барча қулайликларга эга уй-жойлар ва тегишли инфратузилма объектларидан фойдаланиш имкониятини яратади.

2015-2016 йиллар мобайнида ИТБнинг 100 миллион АҚШ доллар қийматидаги молиявий маблағлари иштирокида “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш” Лойиҳасининг 1-босқичи доирасида республикамизнинг Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги 22 та қишлоқ аҳоли турар жойларида 1415 та уй-жой, 33.80 км кириш ва ички йўллар, 40.62 км ичимлик сув тизими қуриб фойдаланишга топширилди.

Лойиҳани амалга оширишда 200 дан ортиқ пудрат ташкилотлари ва 38000 га яқин ишчи кучи жалб қилинди. Бу ўз навбатида 6000 дан ортиқ қишлоқ аҳолисига шароити шаҳарлардан қолишмайдиган уй-жойлар ва тегишли инфратузилма объектларидан фойдаланиш имкониятини берди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг