Жорий йилнинг 10-13-август кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остидаги “Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивали бўлиб ўтди.
Фестиваль ва унинг доирасида ўтказиладиган тадбирларда давлат мукофотлари, шу жумладан, Зулфия номидаги давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, халқаро олимпиадалар, танловлар, спорт мусобақалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг йирик лойиҳаларида ғолибликни қўлга киритган 300 нафарга яқин ёшлар иштирок этдилар.
Фестивални ташкил этишдан мақсад – ёшларни миллий истиқлол ғояларига садоқат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида юртимизда олиб борилаётган давлат сиёсатидан уларни хабардор қилиш, ёш авлодда мамлакатимизда амалга оширилаёган демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш, уларни юртимиз равнақи учун хизмат қиладиган фидойи ёшлар сифатида камол топтиришдан иборат.
12-август куни фестиваль иштирокчилари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Шерзод Шерматов олий ўқув юрти тарихи ва унинг фаолияти, ҳамда режалари ҳақида сўзлаб берди. Ректор ёшларнинг университет фаолиятига оид саволларига ҳам жавоб берди.
Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивали иштирокчилари университет талабалари учун яратилган шароитлар билан ҳам танишдилар. Жумладан, улар ўқув юртининг замонавий физики ва компьютер лабораториялари билан танишдилар.