Жорий йилда лойиҳа доирасида туманлардаги ҳар бир касб-ҳунар коллежларида ўқув семинарлари ташкил этилди. Ўтказилган ўқув семинарда ўз бизнес режалари билан иштирок этган битирувчилар соҳа йўналишлари бўйича туман тижорат банкларига йўналтирилди.
Косонсой педагогика коллежида партия туман кенгаши ҳамда “Халқ банки”, “Микрокредитбанк”, “Агробанк” туман бўлимлари вакиллари ҳамкорликда коллеж битирувчилари билан учрашув ташкил этилди. Унда тумандаги касб –ҳунар коллежларининг бир қатор истеъдодли ёшлари ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этдилар.
Косонсой туман ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона дарча” маркази раҳбари К.Мираҳмедов ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва ушбу қарор асосида ташкил этилган “Ягона дарча” марказида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, лицензия бериш, давлат органлари ва давлат хизматлари кўрсатадиган бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш, ахборот ёрдами кўрсатиш бўйича яратилган қулайлик ва имкониятлар ҳақида тушунча берди.
— Мен бугун ўқув семинарида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга оид ўз бизнес режам билан қатнашдим,- дейди Косонсой озиқ-овқат ва хизмат кўрсатиш коллежи битирувчиси Мухтасар Воҳидова. – Чунки бугун аҳолини сифатли ва арзон озиқ-оқват маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб вазифалардан бири. Шунинг учун мен ҳам ушбу лойиҳам билан туманимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
— Туманимизда аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари йилдан –йилга кўпайиб бормоқда, - дейди Косонсой технологиялари ва иқтисод коллежи битирувчиси Баҳриддин Тожибоев. —Илгари фақат туман марказида фаолият юритадиган хизмат кўрсатиш шохобчалари бугун қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам ташкил этилмоқда. Шу боис мен ҳам банкдан кредит маблағини олиб, аҳолига хизмат кўрсатиш кичик шохобчасини очиб, ўз фаолиятимни йўлга қўймоқчиман. Бизнес режамда буни батафсил тушунтириб берганман. Мазкур лойиҳам маъқул бўлди ва менга ҳам банкнинг имтиёзли кретидини олиш ҳуқуқини берувчи сертификатни топширишди. Бундан жуда ҳам хурсандман ва албатта, билдирилган ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қиламан.
Ўқув семинар якунида энг намунали ва истиқболли деб топилган 10 та бизнес лойиҳа муаллифлари бўлган касб-ҳунар коллежи ўқувчиларига тижорат банкларининг имтиёзли кретидитларни олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.