Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 31/10/2023 Истанбулда Марказий Осиё мамлакатларида қурғоқчиликка қарши кураш муҳокама қилинди
Истанбулда Марказий Осиё мамлакатларида қурғоқчиликка қарши кураш муҳокама қилинди

Ўзбекистондаги CACILM-2 лойиҳаси жамоаси минтақанинг бошқа мамлакатлари вакиллари билан биргаликда Марказий Осиёда қурғоқчиликка қарши комплекс курашишни режалаштириш бўйича семинарда иштирок этди. Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Глобал Экологик Жамғарма (GEF)нинг молиявий кўмаги билан амалга оширилаётган CACILM-2 – “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Семинарда ФАО, Европа комиссиясининг Бирлашган тадқиқот маркази ва бошқа халқаро ташкилотларнинг экспертлари, шунингдек, Марказий Осиё давлатларидан келган

мутахассислар иштирок этди. 3 кун давом этган тадбирда 6 та сессия давомида қурғоқчилик хавфини баҳолашнинг янги концепцияси ва усуллари, сув мониторинги тизимлари ва уларнинг қурғоқчиликка қарши курашдаги ўрни, заифлик ва таъсирни баҳолаш соҳасида жаҳон амалиётидан фойдаланиш, қурғоқчиликни комплекс бошқариш учун режалаштириш жараёнида гендер масалаларини ҳисобга олиш каби муҳим масалалар бўйича тақдимотлар ўтказилди. 

Қайд этилишича, 2000-2016 йилларда Марказий Осиёда қурғоқчиликдан кўрилган иқтисодий йўқотишлар 2 миллиард доллардан ошган. Ҳукуматлараро комиссия маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши аллақачон қурғоқчиликнинг тезлиги, интенсивлиги ва давомийлигини ошириб, кўплаб иқтисодиёт тармоқларига, жумладан озиқ-овқат ва энергия ишлаб чиқаришга жиддий таъсир кўрсатмоқда. 

“Дунёга машҳур олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, яқин келажакда бу соҳадаги ҳаракатсизлик баҳоси бугунги ҳаракат баҳосидан 10 баравар юқори бўлади, яъни ландшафтни тиклаш ва қурғоқчилик хавфини бошқариш дастурларига бугун инвестиция қилинган бир доллар келажакда 10 долларни тежайди”, - деди CACILM-2 лойиҳасининг минтақавий мувофиқлаштирувчиси Маҳмуд Шоумаров,.

Семинарда қайд этилганидек, БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияси Қурғоқчиликка қарши кураш ташаббусини йўлга қўйди ва бу ўз навбатида қурғоқчиликка қарши кураш бўйича миллий режаларни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли дастурни бошлади. Ўзбекистонлик иштирокчилар олган билим ва тажрибаларидан мамлакатда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш чораларини қўллаб-қувватлашда фойдаланишларини таъкидладилар. 

“Семинар қурғоқчиликни бошқаришни комплекс режалаштиришнинг ўзига хос хусусиятларини яхшироқ тушунишга ёрдам берди ва мамлакатлар ва техник ташкилотлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва ўқитиш учун яхши майдон бўлди. Бу ерда қурғоқчиликни бошқариш бўйича ресурслар, билимлар, шунингдек, замонавий ёндашувлар ҳақида умумий маълумот тақдим этилди. Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма ҳаракатларни кучайтириш иқлим ўзгариши, қурғоқчилик, шунингдек ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда жуда муҳимдир”, - деди CACILM-2 лойиҳасининг Ўзбекистондаги миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.

CACILM-2 минтақавий лойиҳасининг асосий мақсади қурғоқчилик ва шўрланиш шароитида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашиш, табиий ресурслардан, биринчи навбатда сув ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан, оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратишдир. Лойиҳа БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияси ва Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши бўйича БМТ доиравий Конвенциясини амалга оширишга катта ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистонда лойиҳа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бир қатор миллий ҳамкорлар билан ҳамкорликда қурғоқчилик ва шўрланишга энг мойил ҳудудлар – Бухоро вилоятининг Бухоро ва Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманларида амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида мутахассислар шўрланиш жараёнларини бошқариш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқмоқдалар, шу жумладан, жойларда шўрланишни камайтириш бўйича инновацион ёндашувлар ва технологиялар, шунингдек, шўрга ва қурғоқчиликка чидамли экинлар жорий этилмоқда. ФАО томонидан замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, иссиқхоналар ва бошқа даромад олиш воситалари маҳаллий деҳқон ва фермерларга топширилмоқда. Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, чунки сув Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш ва инсон фаровонлигини таъминлашда муҳим рол ўйнайдиган энг қимматли манба ҳисобланади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг