«Иссиқлик электр станциялари» АЖ бугун мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқарувчи асосий генерация тармоғи ҳисобланади. Тармоқ корхоналарининг юртимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясидаги улуши 70 фоиздан кўпроқни ташкил этади.
2023 йил давомида «Иссиқлик электр станциялари» АЖ томонидан жами 54,2 млрд.кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу режага нисбатан 1,4 млрд.кВт.соатга кўп бўлиб, қўйилган вазифа 102,6 фоизга бажарилди.
2023 йилда инвестиция лойиҳалари доирасида 622,63 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилди, бунда белгиланган режа ижроси 100,1 фоизни ташкил этди. Инвестиция дастури доирасида янги, замонавий, энерготежамкор қурилмаларни жорий этиш мақсадида, Толимаржон ИЭС АЖда 1065 МВт қувватга эга буғ-газ қурилмасини қуришга старт берилди. Тошкент ИЭМда 2024 йилнинг биринчи чорагида 64 МВт га тенг иккита газ турбинаси қурилмалари ишга туширилади.
Иссиқлик электр станцияларини 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида жами 53 та энергоқурилмаларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада энергоқурилмаларнинг мавжуд қуввати 209 МВт ҳамда қозон қурилмаларининг ишлаб чиқариш қуввати 483 тонна/соатга оширилишига эришилди.
Шунингдек, пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги «Чилонзор-5» ва Шойхонтоҳур туманидаги «Ғарбий-3» сонли иссиқлик марказлари
қозонхоналари модернизация қилинди. Эътиборлиси, қурилманинг гибрид шаклида ишлаши аномал совуқ об-ҳаво шароитида ҳам, заҳира ёқилғисини ёқиш эвазига истеъмолчиларни узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминлаш имконини беради. Қолаверса, Чилонзор туманининг «Оқтепа» ва «Боғзор» маҳаллалари ҳудудида янги, замонавий, энерготежамкор когенерация қурилмаси барпо этилди.
Бу ерда 4,6 МВт электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган 2 та газ-поршен қурилмаси ҳамда 25,4 Гкалл иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи 2 та Bosch қозонлари ўрнатилди. Натижада иссиқлик тармоқларидаги йўқотишлар 90 фоизга камайтирилишига, қўшимча йилига 32,0 млн. кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига ҳамда 1,0 млн. кубметр табиий газни тежаш имконияти пайдо бўлди.
2023 йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 35 та лойиҳа асосида қиймати 35 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилган эди. Амалда ушбу кўрсаткич 48,1 млрд. сўмга ёки 137 фоизга бажарилди. Қолаверса, кооперация савдолари бўйича 169 млрд. сўмлик маҳсулот харид қилиш прогноз қилинган бўлиб, амалда 180,1 млрд. сўмга ёки 106 фоизга етказилди. Импортни қисқартириш бўйича олиб борилган чора-тадбирларга кўра 18,5 млн.долларлик маҳсулот ўзимизда ишлаб чиқарилиб, белгиланган йиллик режа ижроси 107,4 фоизни ташкил этди.
Эътиборлиси, акциядорлик жамиятида ўз эҳтиёжи учун сарфланадиган электр энергиясини “яшил энергия” ҳисобидан қоплаш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб бориляпти. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг ушбу йўналишдаги бир қатор топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йилда 9,6 МВт қувватга тенг қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилди. Ҳозирда мазкур қувватни 15 МВтга етказиш чоралари кўриляпти.