Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик боксчи Исроил Мадримов WBC биринчи ўрта вазн бўйича “вақтинчалик” чемпион Виржил Ортиз Жр билан учрашади.
Мазкур жанг 2025 йил 22 февраль куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида жойлашган Kingdom Arenaда бўлиб ўтади. Кечанинг асосий жанги ярим оғир вазн бўйича мутлақ жаҳон чемпиони Артур Бетербиев ва Дмитрий Бивол ўртасидаги реванш бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 декабрь куни Исроил Мадримов украиналик Сергей Богачук билан куч синашади. Ушбу жанг ҳам Саудия Арабистонида ташкил этиладиган турнир доирасида ўтказилади.
Аввалроқ, август ойида собиқ WBA чемпиони Исроил Мадримов икки карра мутлақ жаҳон чемпиони, америкалик Теренс Кроуфордга қарши рингга чиқди. Ушбу жангда ҳакамларнинг бир овозли қарори билан ғалаба Кроуфордга насиб этиб, у WBA ва WBO камарларини қўлга киритди.