Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – “Ал Садд” “Пахтакор”га қарши ўйин учун қайдномани эълон қилди.
Келаётган ҳафтада қитъамиз стадионларида Осиё Чемпионлар лигаси 3-тур учрашувлари ўтказилади. Тошкентнинг “Пахтакор” клуби ўз майдонида ушбу ҳафтада Қатар чемпионлигини расмийлаштирган “Ал Садд” клубини қабул қилади.
Осиё футбол конфедерацияси расмий сайтида Қатар чемпионининг бўлажак ўйин учун қайдномасига киритилган футболчилар рўйхати эълон қилинди. “Ал Садд”нинг португалиялик бош мураббийи Жезуалдо Феррейра Тошкентга Испания терма жамоаси таркибида Европа ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Хавини ҳам олиб келиши маълум бўлди.
Шу ўринда таъкидлаш керак, Хави жорий мавсумда илк бор ОЧЛ доирасидаги ўйинда иштирок этиши мумкин. Боиси, тажрибали футболчи жамоасининг ОЧЛдаги дастлабки икки ўйинида иштирок этмаган, у ҳаттоки учрашув қайдномасига ҳам киритилмаган эди.
Қатар чемпионлигини расмийлаштириб бўлгач, босимдан ҳоли бўлган португалиялик мутахассис бу сафар Хавига Осиё майдонларида ўзини кўрсатиши учун имкон тақдим этиши мумкин.
Хави шу кунгача ОЧЛда жами 13та ўйин ўтказган ва биргина гол муаллифига айланган. Испаниялик футболчи ушбу нуфузли мусобақадаги ҳозирча ягона голини Қаршининг “Насаф” жамоаси дарвозасига киритган ва эътиборлиси, ўшанда қаршиликлар дарвозасини айни пайтда фаолиятини “Пахтакор”да давом эттираётган Санжар Қувватов қўриқлаган эди.
Шунингдек Жезуалдо Феррейра тажрибали футболчи, Мадриднинг “Атлетико” жамоаси сафидаги ажойиб ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган Габини ҳам Тошкентга олиб келадиган бўлди. Қатар чемпиони таркибидаги яна бир легионер, жамоанинг асосий тўпурари жазоирлик Бағдод Бунеджа ҳам “Пахтакор”га қарши ўйин қайдномасидан жой олган. “Ал Садд” клубининг осиёлик легионери Жунг Ву Юнг (Жанубий Корея) ҳам қадномага киритилган.
Эътиборга молик маълумот: айни пайтда “Пахтакор”да фаолият олиб бораётган Санжар Қувватов, Одилжон Ҳамробеков ва Драган Черанлар ўтган мавсумда “Насаф” жамоаси сафида ОЧЛда айнан “Ал Садд” клубига қарши майдонга тушган.
Эслатиб ўтамиз, “D” гуруҳида “Пахтакор” ОЧЛнинг 2-туридан кейин 4 очко билан гуруҳ пешқадамлигини қўлга олган. “Ал Садд” ҳамда Саудия Арабистонининг “Ал Аҳли” клублари ҳисобида 3тадан очко мавжуд. Эроннинг “Персеполис” жамоаси эса атиги 1 очко билан сўнгги поғонани эгаллаб турибди.
Манба: ЎзА.