Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига биноан умумий қиймати 158,2 миллион доллар бўлган 24 та йирик саноат лойиҳаларидан айни пайтгача 63,6 миллион долларлик 21 та лойиҳа ишга туширилди. Чунончи, Марказий Осиёда ягона бўлган “Аvto Pad Systems” қўшма корхонасида йилига 520 минг дона тормоз колодкалари, “Roison Home White Goods” қўшма корхонасида йилига 650 минг дона телевизор, музлатгич, электр печи ва кир ювиш машинаси каби электрон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги айни ҳақиқат. Жорий йил мобайнида янги корхоналарнинг ишга туширилиши ҳисобига 1000 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Натижада, янги қурилган ва модернизациялаштирилган саноат корхоналарида тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиб, хорижий мамлакатларга экспорт қилиш салоҳияти тубдан ошиб бормоқда.
Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳозирда “Жиззах” махсус индустриал зонасида автомобилсозлик, енгил саноат, электротехника, қурилиш маҳсулотлари тайёрланиши йўлга қўйилмоқда. Бундан ташқари, умумий қиймати 77 миллион 400 минг АҚШ доллари бўлган 11 та лойиҳа устида иш олиб борилаяпти. Айни пайтда бунёд этилаётган янги иншоотларда қурилиш-монтаж ва ускуналарни ўрнатиш ишлари қизғин давом эттирилмоқда.
Юқорида кўрсатиб ўтилган лойиҳаларнинг ижроси юртимизда иқтисодиётнинг ривожланиши, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасининг тубдан ўзгариши, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг дунё бозорида харидоргир бўлиши, қолаверса, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган бу каби изчил ислоҳотлар, одилона сиёсат ва бунёдкорлик ишларида барча нарса инсон ва унинг бахти, фаровон ҳаёт кечириши учун эканлиги ўзининг амалий ифодасини кўрсатиб келмоқда. Бу эса юртдошларимизнинг қалбини чексиз фахрга тўлдириб, ғайратига ғайрат, шижоатига шижоат, кучига куч қўшиб, келажак авлод вакилларининг эзгу интилишларига қанот бағишламоқда.
Яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида қабул қилинган қарор замирида ҳам айнан мамлакатимизда саноат ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг узвийлигини таъминлашга қаратилган мақсадлар мужассамдир. Шу боисдан, бу борадаги ислоҳотларнинг бардавомлигини таъминлаш, иқтисодиётимизни янада тараққий эттириш борасида Биринчи Президентимиз томонидан илгари сурилган улуғ мақсадларнинг рўёбга чиқишига ишончимиз комил.
Элёр ТЎРАҚУЛОВ,
Халқ депутатлари Жиззах вилояти
Кенгаши депутати.