Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида муваффақиятли иштирок этган 36 нафар иштирокчилар вилоят босқичида ўзлари тайёрлаган ҳунармандчилик, амалий санъат буюмлари ҳамда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, сервис ва қишлоқ хўжалиги, асаларичилик соҳаларини ривожлантириш борасида ишлаб чиққан инновацион лойиҳалари билан иштирок этдилар.
– Мазкур танлов биз ёшларни тадбиркорликка оид тажриба, билим-кўникмаларини бойитишга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди, – дейди O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Олим Норжигитов. – Боиси, танлов иштирокчиларига қўйилган талаб қанчалик оғир бўлмасин, унда иқтидорли ёшларимиз ўзининг қай даражада билим ва кўникмаларга эга эканликларини амалда намоён этди. Эътиборлиси, танловнинг 2015 йилги туман, шаҳар ва вилоят босқичлари доирасида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 600 нафар ўқувчилари иштирок этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 690 нафарга етди.
Таъкидланганидек, бугун мамлакатда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор натижасида юртимиз шон-шухрати ва нуфузини янада оширишга муносиб ҳисса қўшаётган йигит-қизлар сони кун сайин тобора ортиб бормоқда. Буни партия томонидан анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинаётган «Ишбилармон талаба» стипендияси кўрик-танлови мисолида кўриш мумкин. Кўрик-танлов доирасида бугунги кунга қадар жами 150 минг нафардан зиёд академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари қатнашган бўлиб, улардан 234 нафари O‘zLiDePнинг махсус йиллик стипендияларига сазовор бўлди. Шунингдек, 2004-2015 йиллар мобайнида иштирок этган 15 мингдан ортиқ лойиҳа иштирокчилари ўз бизнесини йўлга қўйиб, тадбиркорлик ва фермерлик билан шуғулланиб келмоқда.
– Мен ёшлигимдан миллий кашта ва қуроқчиликка қизиқаман, – дейди Жиззах давлат педагогика институти қошидаги 2-сонли академик лицей ўқувчиси Мафтуна Раимқулова. –Кўрик-танловда “Миллий каштачилик ва қуроқчилик фаолиятини ташкил этиш” лойиҳаси билан иштирок этдим ва танловнинг мутлоқ ғолиблигини қўлга киритдим. Келгусида тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган саъй-ҳаракатлардан унумли фойдаланган ҳолда, оилавий корхона ташкил этиш ва миллий ҳунармандчилик фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирганман. Ўйлайманки, бу борада O‘zLiDeP томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар муҳим дастуриамал бўлиб хизмат қилади.
Танлов сўнггида фаол ва ташаббускор иштирокчилар аниқланди. Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, 1-ўринга Жиззах давлат педагогика институти қошидаги 2-сонли академик лицей ўқувчиси Мафтуна Раимқулова, 2-ўринга Зафаробод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи талабаси Илмира Исламова, 3-ўринга эса Зомин қишлоқ хўжалик ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Бобур Хўжамқулов муносиб деб топилди. Энг фаол ва ишбилармон талабалар кўрик-танловнинг Республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.