Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 20/07/2016 “Ишбилармон талаба-2016” стипендияси учун қизғин баҳслар давом этмоқда
“Ишбилармон талаба-2016” стипендияси учун қизғин баҳслар давом этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 20-июль куни O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб тадбиркорлик соҳасида юқори ютуқларга эришган ишбилармон ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни мамлакат иқтисодиёти ривожи йўлидаги қобилиятини рўёбга чиқариш мақсадида “Мустақилликка менинг ҳиссам” шиори остида “Ишбилармон талаба-2016” стипендияси учун кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.

Танловда туман ва шаҳар босқичларида жами 1000 нафардан зиёд ўқувчи ёшлар иштирок этиб шаҳар босқичига йўлланма олган 45 нафар иштирокчилар ғолиблик учун ўзаро беллашди. Иштирокчиларга қўйилган талаблар қанчалик жиддий бўлмасин, танловда қатнашиш истагини билдирган ёшлар кўпчиликни ташкил этди.

Дастлаб танлов иштирокчилари ўзлари тайёрлаган маҳсулотлари кўргазмасини намойиш этиб, бизнес режа лойиҳалари тақдимотини ўтказишди. Шу билан бирга ёшлар юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга оид суҳбат ва савол-жавоблар орқали соҳага доир билимини мустаҳкамлаш баробарида соҳа мутахассислари томонидан ўз лойиҳа ва ташаббусларини иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиш бўйича бир қатор таклифлар ва тавсиялар берилди.

Тадбирда иштирок этган партия фаолларининг таъкидлашича, бугунги кунда Тошкент шаҳридаги 120 дан ортиқ академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг манфаатини ҳимоя қилиш ҳамда уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб келинаётган мазкур танлов пойтахт ёшларининг тадбиркорликка жалб этиш ва қобилиятини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, мазкур танловда 2010-2016 йиллар давомида Тошкент шаҳрида 10 минг нафарга яқин академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари фаол қатнашиб, улардан 21 нафари O‘zLiDePнинг махсус йиллик стипендияларига сазовор бўлди. Турли йиллардаги 3 мингдан ортиқ лойиҳа иштирокчилари ўз бизнесини йўлга қўйиб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

Шунингдек, танловда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига кўмаклашиш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш ҳамда жойларда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга доир фаолиятни янада кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар хусусида ҳам фикр алмашилди.

Кўрик-танлов низомига мувофиқ, ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг иш фаолиятидан келиб чиқиб, адолатли баҳолаб боришди. Юқори ўринларга муносиб деб топилган талабаларга танловнинг ғолиби сифатида республика босқичида иштирок этиш учун йўлланма берилди.

— Танловда гиламдўзлик йўналиши бўйича тайёрлаган маҳсулотларим билан иштирок этдим, - дейди танлов ғолиби, Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Назокат Акбарова. — Тадбиркорликка бўлган қизиқишим ва ҳаракатларим боис, бугун оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиб келяпман. Шу кунга қадар 4 нафар тенгдошимни иш билан таъминлаб, ишлаб чиқарган маҳсулотларимизни маҳаллий бозорга етказиб бермоқдамиз. Бугунги кунда эришган барча ютуқларим замирида мустақиллик ва у берган улкан имкониятлар мужассам. Мазкур имкониятлардан оқилона фойдаланиб, келгусида кўплаб шогирдлар тайёрлаб, қўл меҳнатимиз маҳсули бўлмиш гиламларимизни хорижий мамлакатларга экспорт қилиш ниятидаман.

Кўрик-танловда шунингдек, тақдим этилган лойиҳалар асосида юқори натижаларга эришган, тадбиркорликка иштиёқи баланд, ишбилармон, шижоатли, изланувчан, фаол ва ташаббускор ёшлар ўзларининг тадбиркорлик бўйича эгаллаган билимларини синовдан ўтказди.

Тадбир сўнгида ғолибликни қўлга киритган фаол ва ташаббускор 3 нафар ёшларга партиянинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг