Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Молия 29/01/2019 Иқтисодиётни ва валюта бозорини эркинлаштириш чора-тадбирлари натижадорлиги муҳокама қилинди
Иқтисодиётни ва валюта бозорини эркинлаштириш чора-тадбирлари натижадорлиги муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 январь куни валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда қайд этилганидек, иқтисодиёт ривожланиши ва тадбиркорлар фаолияти учун катта тўсиқ бўлиб келган валютани эркин сотиб олиш ва сотиш борасидаги чеклов ва муаммолар бартараф этилди. Эътиборлиси шундаки, олдинги йилларда экспорт тушумлари бўйича мажбурий сотув талаби бор пайтда экспортдан тушган валюта тушумларининг ички бозорга ишлатилиши 30 фоизни ташкил этган бўлса, бундай чеклов ва талаблар олиб ташланганидан кейин ушбу кўрсаткич 61 фоизга етди.

Бунинг натижасида ташкилотлар ўзлари учун зарур хомашё ва асбоб-ускуналарни харид қилиш, жорий ва инвестиция эҳтиёжларини қоплаш имкониятига эга бўлди, шунингдек ўтган йили саноат ҳажмлари 14,4 фоизга, экспорт тушуми 19 фоизга ўсди ва экспортёрларнинг банкларга сотган валюта ҳажми 1,9 баробар ошишига эришилди.

Бу эса ўз навбатида, мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, рақобатбардош ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида валютани эркинлаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, барқарор монетар сиёсатни амалга ошириш иқтисодиёт соҳасидаги муҳим вазифалардан эканини таъкидлаган эди.

Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Валюта захираларимиздан оқилона фойдаланиш, ушбу захирани бошқаришнинг аниқ стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, олтин-валюта захиралари таркибини оптималлаштириш, валюталарни сақлашда халқаро тажриба асосида қимматли қоғозлар, жумладан, юқори ликвидли облигациялардан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Валюта тушумлари ва олтин-валюта захираларининг кўпайишини таъминлашда энг оптимал йўл бу – экспорт салоҳиятини оширишдир. Шунинг учун бу йил экспорт прогнозлари ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўпроқ қилиб белгиланган.

Лекин, айрим хўжалик юритувчи субъектларда ҳанузгача экспорт тушуми бўйича муддати ўтган қарздорликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ҳар бир хўжалик бирлашмаси кесимида экспорт бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликни камайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Халқаро экспертлар фикрига кўра, иқтисодиёт эркинлашган ва инвестициялар фаоллашган шароитда ташқи савдо айланмасида ўзгаришлар бўлиши табиий ҳолат.

Президент эркин сотиб олинаётган валюта иқтисодиётимизнинг эртанги кундаги ривожланиш мақсадларига хизмат қилиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш мақсадида инвестиция характерига эга бўлган технология, асбоб-ускуна, хомашё ва материалларни харид қилишда хўжалик юритувчи субъектлар ва корхоналарнинг валюталарини самарали йўналтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Давлат улушига эга корхоналарда импорт ўрнини босувчи ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар белгилаш кераклиги қайд этилди.

Шунингдек, янги божхона тарифларининг маҳаллий ишлаб чиқаришга таъсирини ўрганиб, амалдаги тарифларни янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда иқтисодиётнинг етакчи корхона ва ташкилотлар кесимида экспорт тушумлари танқидий таҳлил қилиниб, бу борадаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, шу жумладан, етакчи экспортёр корхоналарнинг экспорт тушумларини кўпайтириш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Бу борада нисбий устуворликка эга бўлган соҳаларни аниқлаб олиш ҳамда уларни ривожлантириш бўйича концепция ва йўл хариталари ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг